Сунъий интеллект: имкониятми ё таҳдид?
Бугун дунёда тараққиёт мисли кўрилмаган даражада жадал тус олди. Турли соҳалардаги ҳозирги янгиланишларни бир вақтлар, ҳатто тасаввур ҳам қилиш мушкул эди. Жумладан, IT соҳасидаги бугунги юксалишларни ҳам. Тизимда қўлга киритилаётган муваффақиятлар самараси ўлароқ “ақлли” роботлар, “йўл кўрсатувчи” иловалар, учувчисиз учадиган қурилмалар, мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказувчи мосламалар, юзни танувчи дастурлар ҳаёт тарзимизга шиддат билан кириб келмоқда. Бу технологияларнинг асосида сунъий интеллект ётгани ҳеч кимга сир эмас.
Айни пайтда “Сунъий интеллектни такомиллаштиришнинг чегараси борми? У инсониятга яна қандай имкониятларни туҳфа этади? Нейрон тармоқ охир-оқибат инсоният устидан ҳукмронлик қилмайдими?» каби саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Уларга мутахассислар муайян жавобларни бермоқда. Бироқ якдил хулосаларга келингани йўқ, баҳс-мунозаралар давом этмоқда.
Ушбу масала юзасидан АҚШдаги ватандошимиз, “Амазон” компанияси дастурий таъминот муҳандиси Беҳзод МАМАДИЕВ ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Ахборот технологиялари фанида “Тюринг тести” деган атама бор. У британиялик машҳур олим Алан Тюринг томонидан ХХ аср ўрталарида ишлаб чиқилган. Ушбу тест орқали машина ёки компьютернинг интеллекти инсон онгига қанчалик тенглашгани имтиҳон қилинади, — дейди Беҳзод Мамадиев. — Агар компьютер ёки сунъий интеллектнинг жавоблари, ўзини тутиши инсондан фарқлаш мумкин бўлмаган даражага етса, у “Тюринг тести”дан ўтган ҳисобланади.
Шу пайтгача ҳеч бир ахборот машинаси мазкур синовдан ўта олмаган. Сунъий интеллектга оид тадқиқотлар бошланганига ярим асрдан ошди. Кунлар келиб компьютернинг одамдек сўзлашиши, ҳатто ақли инсонларникидан ўзиб кетиши ҳақида башоратлар кўп бўлган, лекин бунинг қачон рўй бериши ҳақида фаразлар турлича.
“Фикрлайдиган” технологияни яратиш йўлида
“Сунъий интеллект” (Artificial Intelligence) атамаси фанга 1956 йилда америкалик олим Жон Маккарти томонидан киритилган. Агар компьютер ёки бирор ахборот дастури, одатда, бажариш учун инсон ақли ва тафаккури талаб қилинадиган ишни мустақил амалга ошира олса, бу сунъий интеллект ҳисобланади. Биологик мавжудот ҳисобланмиш одамнинг ақли, фикрлаши бу ҳақиқий интеллект бўлса, нобиологик, яъни инсон томонидан ясалган буюм ёки бошқа бир предметнинг “фикрлаши” сунъий интеллект деб аталади.
Ўтган асрнинг 60 йилларида олимларнинг қизғин эътиборини тортган бу соҳа 70 йилларга келиб “Сунъий интеллект қиши” деб аталган даврга қадам қўйди. Яъни соҳада бирор жиддий силжиш кузатилмагани боис унга эътибор ва сармоя киритиш кескин пасайди.
90 йилларга келиб, сунъий интеллектнинг “Машина ўргануви” (Machine learning) деб аталадиган йўналишида тадқиқотлар кучайди. Инсон томонидан яратилган алгоритмлар асосида компьютернинг мустақил равишда ўз билимини бойитиб бориши “Машина ўргануви” деб аталади. Ҳар қандай сунъий интеллект асосида шу технология ётади. Содда қилиб айтганда, сунъий интеллектнинг озуқаси, бу — ахборот ва у доим ахборотга ўч. Машина қанча кўп ахборот билан озиқлантирилса, у шунча ақлли бўлиб боради.
2000 йиллардан бошлаб илғор микросхемалар ва супер компьютерлар ёрдамида сунъий интеллектни арзонроқ ва тезроқ тренингдан ўтказиш имконияти пайдо бўлди. “Компьютернинг кўриши” (Computer vision), “Чуқур ўрганиш” (Deep learning) йўналишларида самарали тадқиқот ва тажрибалар ўтказилди.
“ChatGPT”: соҳада туб бурилиш
2022 йил 30 ноябрь куни АҚШнинг “OpenAI” компанияси “ChatGPT” онлайн платформасини оммага тақдим этди. Ҳаммага таниш чат ойнаси орқали сиз исталган саволни (тақиқланган мавзулардан ташқари) сунъий интеллектдан сўрашингиз мумкин. У сизга қайтарадиган жавоблар эса ҳайратланарли даражада аниқ ва равон. Математика, физика, кимё каби фанлар ёки веб-сайтлар учун код ёзиш бўладими, хуллас, инсон зотига маълум исталган фанга оид саволни сўрашингиз мумкин, у сизга ўша соҳанинг олимидек жавоб қайтаради. Гўёки, компьютер эмас, инсон билан гаплашаётгандек бўласиз.
Масалан, “Термоядровий реакция нима?” деб сўранг. У сизга илмий ва батафсил тушунтириш беради. Энди ундан худди шу жавобни етти яшар болага тушунтириб бер, деб сўранг. У бу сафар жуда содда тильда, бола тушунадиган мисоллар билан жавоб беради.
Сунъий интеллект шеърлар ёзади, ҳикоялар ва ҳатто роман қоралаши мумкин. Қандай мавзуда бўлишини айтсангиз кифоя. Мусиқа басталайдиган, қўшиқ куйлайдиган, ҳақиқий тасвирлардан фарқлаш мумкин бўлмаган даражада сифатли сунъий видеолар тайёрлаб берадиган платформалар ҳам мавжуд.
Бу қандай ишлайди?
Сунъий интеллектнинг инсондек сўзлашиш қобилияти “Катта тил модели” (LLM — Large Language Model) деб аталадиган тизимга асосланган. Унга турли адабиётлар, китоблар, мақолалар, интернетда мавжуд матнлар, хуллас, инсоният яратган матнли, видео ва аудио форматдаги маълумотлар юкланади ва махсус алгоритмлар ёрдамида тренингдан ўтказилади. Содда қилиб айтганда, чақалоқдек мияси бўш компьютерга биз қандай гапиришни ва ёзишни ўргатамиз, уни турли соҳаларда олимга айлантирамиз.
Кейин унга тренингдан ўтказилган мавзуларда савол ташласангиз, ўз базасидаги миллионлаб ресурсларни варақлаб, тўғри жавобни топади. Жавобни тузишда грамматикага оид билимларини ишга солади. Ўз ихтиёридаги миллионлаб, балки миллиардлаб мисолларни таҳлил этган ҳолда сиз сўраган саволга эҳтимолий тўғри жавоб нима бўлиши мумкинлигини тахмин қилади ва энг оптимал деб ҳисоблаган жавобни сизга жўнатади.
“ChatGPT” деярли барча тилларда гапиради. Асосий забони инглиз тили, лекин бошқа тилларда ҳам ишлатиш мумкин. У ўзбек тилида ҳам мулоқотга кириша олишини даъво қилади, лекин ҳозирча бу тильдаги имкониятлари анча чекланганини сезиш қийин эмас. Бу фақат вақт ва ресурс масаласи билан боғлиқ. Сунъий интеллект ўзбек тилидаги манбалар билан кўпроқ озиқлантирилса, у ҳам тез орада бизнинг забонимизда “булбулдек сайрайдиган” бўлади.
Янги платформа “Тюринг тести”дан ўтдими?
“ChatGPT” шу даражада зўр ишлар экан, демак, унинг ақли, фикрлаши инсон даражасига етди, деб хулоса қилишимиз мумкинми?
Ушбу платформа иловасига яқинда аудио орқали суҳбатлашиш функцияси ҳам қўшилди. Энди сиз у билан исталган мавзуда овозли мулоқот қилишингиз мумкин.
Мен “ChatGPT”ни “Тюринг тести” орқали синаб кўрмоқчи бўлдим. Инглиз тилида ҳар хил саволлар билан уни чалғитишга уриндим. “Тюринг тести” аслида махсус мутахассислар томонидан алоҳида саволлар орқали ўтказилади. Лекин мен олиб борган оддий суҳбатда ҳам овоз соҳиби ҳақиқий инсон эмаслигини сезиш қийин эмас. Инглиз тили талаффузи, оҳанг ва интонацияда ҳеч қандай муаммо йўқ. Лекин ҳар бир жавоб охирида яна қандай саволинг бор, дея такрор-такрор сўраши, баъзан бошқа тилларда гапириб юбориши ҳамда ўзбек тилини биламан дея даъво қилиб, жуда ёмон талаффуз билан ўзбекча гапириши, “Ўзингга ўзбекча исм танла”, деб сўраганимда, аёл овозига эга бўла туриб, дастлаб ўзига эркакнинг исмини олгани унинг ҳақиқий одам эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Лекин матн орқали гаплашганда бу камчиликлар сезилмайди.
Олимлар тахминига кўра 2030 йилгача сунъий интеллект “Тюринг тести”дан ўтади. Яъни унинг жавоблари, ўзини тутиши, ҳис-ҳаяжони инсонникидан мутлақо фарқлаб бўлмайдиган даражага етади.
Ақл бовар қилмас “ақл”
Сунъий интеллектнинг иши фақат саволларга жавоб беришдан иборат эмас. Уни амалиётда турли соҳаларда қўллаш мумкин. Оддий айтганда, у турли соҳаларда эксперт даражасидаги билимга эга текин ишчи. У ўта мураккаб, инсон бажариши учун катта вақт ва ресурс талаб қилинадиган вазифаларни жуда қисқа муддатда ва аъло даражада бажара олади.
Статистика ва таҳлил билан шуғулланадиган компаниялар иши жуда осонлашган: сунъий интеллектга минг бетлик ҳисоботни тақдим этиб, менга бир-икки бетлик хулосасини чиқариб бер, дейилса кифоя, сониялар ичида ҳисоботнинг мағзи тайёр бўлади.
Таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, ахборот технологиялари каби кўплаб тармоқларда аллақачон сунъий интеллектдан самарали фойдаланилмоқда.
Сунъий интеллект ёрдамида янги дори турлари ва вакциналар кашф этиляпти. Яқин йилларда у кўплаб бедаво ёки оғир касалликларга даво топиши башорат қилинган.
Сунъий интеллектга эга роботлар ва бошқа амалий жиҳозлар сони ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Одамдек гапирадиган ва ишлайдиган роботлар хонадонларга кириб бормоқда. Автомобилларнинг одам томонидан бошқарилиши яқин келажакда ўтмишга айланади, чунки улар сунъий интеллект ёрдамида ўз манзилини мустақил топиб боради.
Вазият шу даражага етадики, унинг қандай ишлаётганини, ҳатто дастур эгалари ҳам тушунмайдиган даврлар келади…
Сунъий онг хавотири
Сунъий интеллект имкониятларига оид умидлар билан бир қаторда таҳдид ва хавотирлар ҳам бор. Хавотирларнинг энг оддийси — унинг инсонлар ишини тортиб олиши ва ишсизликни кўпайтириши. Энг катта таҳдид сифатида эса сунъий интеллект ҳукмрон бўладиган келажакда инсониятнинг яшаб қолиши савол остига олинмоқда.
Сунъий интеллект туфайли кўплаб иш ўринлари бой берилиши ҳақиқат. Баъзи соҳалар келажакда, ҳатто касб сифатида ғойиб бўлиши тахмин қилиняпти. Булар — ўқитувчилар, ҳайдовчилар, дастурчилар ва ҳатто журналистлар ҳамда шифокорлар. Мусиқа, кино саноати ва бошқа кўнгилочар соҳалардаги иш ўринлари ҳам таҳдид остида.
Шу билан бирга, сунъий интеллект асосида янги соҳалар, янги касблар ва иш ўринлари пайдо бўлади, деган қарашлар бор. Сунъий интеллект кам харажат эвазига катта бойлик яратиши ҳисобига, барча учун универсал маош белгилаш ғоясини олға сураётганлар ҳам мавжуд. Яъни ишлаш ёки ишламаслигидан қатъи назар, ҳамма яшаш учун етадиган минимум нафақа билан таъминланади.
Асосий таҳдид бунда эмас. “SpaceX”, “Tesla” каби бир қатор компаниялар эгаси, шунингдек, “ChatGPT”ни ишга туширган “OpenAI” компанияси асосчиларидан бири Илон Маскнинг айтишича, инсоният тирик қолиш ёки қолмаслик хавфи билан юзлашмоқда. Унга кўра сунъий интеллект шу даражада тараққий этадики, унинг назорати инсон қўлидан чиқиб кетади. Ўз тафаккури ва мантиғи асосида инсоннинг баъзи ҳаракатларини идеал жамият учун хавф деб топса, сунъий интеллект одамзод эркини чеклаши ва ҳатто уни жисмонан йўқ қилиши мумкинлиги ҳақида фаразлар бор.
Шунинг учун сунъий интеллект асосларини тўғри танлаш, унинг назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик ва барча бирдек риоя этадиган “ўйин қоидалари”ни қабул қилиш таклиф этилмоқда.
Европа Иттифоқи Сунъий интеллект тўғрисидаги қонунни имзолаш арафасида. АҚШда бу соҳада тадқиқот олиб борувчи энг йирик компаниялар сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ўзаро “ўйин қоидалари”ни келишиб олган. Бошқа давлатларда ҳам шундай ҳаракатлар бор.
Хуллас, сунъий интеллект бизга кўп ажойиботлар ва қулайликлар тақдим қилишда давом этади. Бу неъматлардан баҳра олар эканмиз, мазкур технология инсоният учун қандай оқибатларга олиб келиши эса ҳали-ҳануз савол остида.
Дилшод КАРИМОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг