«Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китоби чоп этилди

22:16 19 Октябр 2021 Маданият
571 0

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрь куни имзоланган "Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони суд-ҳуқуқ тизимида инқилоб ясади.

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва тизимда коррупциянинг олдини олишда судьяларнинг маънавий камолотини ошириш бирламчи аҳамият касб этиши маълум. Шундан келиб чиқиб, Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида судьялар ва суд ходимларининг касбий малакаси, маънавияти ҳамда масъулиятини ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Ва унинг ижроси доирасида Судьялар олий кенгаши томонидан «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» тайёрланиб, чоп этилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Дарҳақиқат, шундай. Судьянинг юксак инсоний ва маънавий фазилатларга эга бўлиши, унинг адолатли қарорлар қабул қилишида муҳим омиллардан бири бўлади. Китобда судьянинг одоби, давлат ва жамият олдидаги масъулияти мезонлари ҳақида батафсил сўз юритилади.

Эътиборлиси, китобда судьяларга қўйиладиган талаб, масъулият тарихий ва бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил этилади. Қадим тарихимизда қозилик ишлари билан боғлиқ бўлиб ўтган ҳаётий воқеликлар китоб ғояси батафсил очиб беради. Унда келтириб ўтилган ибратли ривоят, ҳикоят, нақл, масал ва маталлар ҳар қандай инсонни мулоҳаза қилишга чорлайди.

Асосий мақсад — янги Ўзбекистонда рўй бераётган тарихий бурилиш палласида адолатни қарор топтиришга қодир бўлган судьянинг маънавий баркамоллигига кўмаклашишдир.

Мазкур китоб судьялар, суд тизими ходимлари, шунингдек, барча давлат органлари хизматчилари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Тақдимотда суд тизими фахрийлари, ҳуқуқшунос ва адабиётшунослар олимлар, депутатлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбар ходимлари иштирок этиб, китоб аҳамияти ва бундай нашрга бўлган эҳтиёж хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?