Судан мисли кўрилмаган очарчилик ёқасида — БМТ

10:33 25 Декабрь 2024 Дунё
145 0

Судан халқи тасаввур қилиб бўлмайдиган азоб-уқубатларни бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси вакили Эдем Восорну пайшанба куни Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Халқаро гуманитар қонунларга аниқ эътибор бермаган ҳолда олиб борилган 20 ойлик ҳарбий амалиётлар оқибатида миллионлаб суданликлар очлик хавфи остида қолмоқда. БМТ бу мамлакатдаги гуманитар вазиятни «дунёдаги энг йирик озиқ-овқат инқирози» деб атамоқда.

БМТ уруш давом этаётган Суданда очарчилик авж олаётгани, маҳаллий аҳоли зўравонлик, вайронагарчилик, касалликлар, алоқа йўқлиги, шунингдек, оммавий кўчишлардан жабр кўраётганини таъкидлаб ўтган.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йилнинг май ойигача 24,6 млн киши, барча суданликларнинг деярли ярми шошилинч озиқ-овқат ёрдамига муҳтож бўлади.

2023 йил апрель ойида бошланган фуқаролар уруши озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва савдонинг камайишига олиб келган. 12 миллиондан ортиқ суданликлар уйларидан чиқишга мажбур бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси, биринчи навбатда, низолашаётган барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишга чақирди.

Инсонпарварлик ёрдами кўплаб қочқинлар паноҳ топган Чад ва бошқа жойларга етказила бошланган. Бироқ жанговар ҳаракатларнинг фаоллашуви ёрдамларнинг манзилгача етиб боришига тўсқинлик қилган. «Замзам» лагерига кетаётган Жаҳон озиқ-овқат дастурининг иккинчи автоколоннаси лагернинг ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар туфайли тўхтатилган. Шу сабабли минглаб одамлар лагерларни ташлаб қочишга мажбур бўлган, дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?