ССВ: Италиянинг Ломбардия ҳудудидан Ўзбекистон тиббиётига инвестиция жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбари ўтган ой Италияга расмий ташрифи доирасида мамлакатнинг аҳоли сони ва майдони бўйича энг йирик ҳамда иқтисодий жиҳатдан пешқадам ҳудудларидан бири — Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашиб, кенг кўламли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган эди.
Эришилган ана шу келишувлар доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Ломбардия соғлиқни сақлаш ҳудудий вазири Гвидо Бертоласо, шунингдек, “Assolombarda” уюшмаси вакиллари билан видеомулоқот қилди.
Онлайн суҳбатда қайд этилганидек, “Assolombarda” Ломбардиянинг энг йирик саноат уюшмаси ҳисобланади. У тиббиёт ва биология соҳалари вакилларини бирлаштирувчи ўзига хос марказ ролини бажаради.
Уюшма соғлиқни сақлаш тизимига доир кенг қамровли тузилмани ўз таркибида жамлаган. Патронаж хизмати, поликлиника, тез тиббий ёрдам, реабилитация, илмий тадқиқот, ногиронлиги бор шахслар ва қариялар билан ишлаш муассасалари шулар жумласидан.
Мулоқот давомида Ломбардия соғлиқни сақлаш вазири ҳамда “Assolombarda” вакиллари қуйидаги йўналишда лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди:
— соғлиқни сақлаш соҳасида “Ломбардия ҳудудий модели”, шунингдек, сурункали касалликларни даволаш, беморлар билан ишлаш, уларни тиббий муолажа қилиш, ижтимоий таъминот тизимини молиялаштириш услублари юзасидан тажриба алмашиш;
— юртимиздаги бир қатор тиббиёт муассасаларига сармоя киритиш;
— касалликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш бўйича мутахассислар малакасини ошириш;
— Ўзбекистон миллий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш.
Маълумот учун: Ломбардия вилояти Италия ялпи ички маҳсулотининг 22 фоизини таъминлайди ва бу кўрсаткич бўйича Европа Иттифоқида бешинчи ўринни эгаллайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг