Спортимиздаги муаззам ғалабага бағишланган китоб

ЎзА сурати
Спорт қатъият, ишонч, дўстлик, келажак сари дадил интилиш демакдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, ўзбекистонлик спортчилар халқаро мусобақаларда эришаётган ғалабалар юртдошларимиз қалбини чексиз ифтихорга тўлдирмоқда.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришгани – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани спортимиз тарихида янги саҳифа очди.
Ушбу буюк ғалаба муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига йўллаган табригида вакилларимиз матонати ва жасоратига юксак баҳо берилиб, футболчиларимиз қўлга киритган улкан натижанинг моҳияти ва аҳамияти чуқур очиб берилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида яқинда «Адабиёт» нашриётида чоп этилган «Бу ғалаба – муаззам!» номли китоб ҳам спортчиларимизнинг ана шу тарихий ғалабаси аҳамияти кенг акс эттирилган.
Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига табриги билан бошланади. Табрикда эътироф этилганидек, ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди. Футболчиларимиз профессионал билим ва малакаси, тажриба ва маҳорати, энг муҳими, юксак иродаси ва ғалабага бўлган ишончи билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганлари ҳар қандай таҳсинга муносиб.
Мазкур китобдан ўрин олган «Халқимизни янада бирлаштирган тарихий ютуқ» деб номланган мақолада эса шу йилнинг 10 июнь куни пойтахтимиздаги «Бунёдкор» стадионида ўтказилган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги учрашуви кенг ва батафсил ёритилган. Катта футбол байрами сифатида ўтказилган ушбу беллашувни миллионлаб ўзбекистонликлар ҳаяжон билан томоша қилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга ташриф буюргани мамлакатимизда миллионлар ўйини ривожига қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий намунаси бўлди.
Китобнинг «Бу сенинг ҳам ғалабангдир, эй Марказий Осиё!» деб номланган бўлимида устоз ижодкорлар, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Ўткир Раҳмат, Минҳожиддин Мирзо, Қўчқор Норқобил, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон ва бошқа кўплаб шоирларнинг улкан ғалабага бағишланган шеърлари билан танишиш мумкин.
«Ғалаба устига ғалаба, ютуқ ортидан ютуқ!» номли бўлимда эса Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, сенатор Рустам Холмуродов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Аҳрор Аҳмедов, Салим Дониёров, маҳоратли журналист Анвар Самадов ва бошқа қаламкашлар билан бирга, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Миржалол Қосимов, футбол шарҳловчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби Тимур Кападзе, футбол шарҳловчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Хайрулла Ҳамидов ва бошқа спорт жонкуярларининг ғалаба муносабати билан билдирган дил изҳорлари келтирилган.
«Халқаро эътирофлар» бўлимида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, ФИФА Президенти Жанни Инфантинонинг футболдаги ушбу ғалабамиз муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга йўллаган табриклари, хорижий давлатлар давлат ва жамоат арбоблари, машҳур спортчи ва мураббийлар, турли соҳалар намояндаларининг табрик ва муносабатлари, халқаро нашрларда эълон қилинган таҳлилий мақола ва репортажлардан намуналар келтирилган.
Мамлакатимизнинг номдор спортчи ва мураббийлари, соҳа фидойилари ҳақидаги маълумотлар «Ўзбекистон ифтихорлари» бўлимида китобхонлар эътиборига ҳавола этилган.
ЎзА
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг