Спортчилар оиласининг маликаси

18:09 30 Август 2024 Жамият
180 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Парижда ўтказилаётган Паралимпия ўйинлари юртимиз спортчилари учун омадли бошланди. Мусобақаларнинг илк кунидаёқ Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккита медални қўлга киритди. Спортнинг таэквандо BTF тури бўйича кумуш медаль совриндори бўлган Зиёда Исақова Фарғона вилояти Ўзбекистон туманига қарашли Қулибек қишлоғи камолга етган.

Таъкидлаш ўринлики, бу оила туманда спортчилар сулоласи сифатида танилган. Зиёданинг отаси Абдуғаффор Ҳайдаров спортнинг дзюдо, онаси Ирода Ҳайдарова енгил атлетика билан шуғулланган. Акаси ота изидан борган бўлса, укаси Муроджон Исақов таэквандони танлаган. Кенжатой ҳозирда Ўзбекистон жисмоний тарбия университетининг Фарғона филиали талабаси.

— Зиёда ёлғиз қиз бўлгани учун оиламиз маликаси сифатида эркалатамиз, — дейди отаси Абдуғаффор Ҳайдаров. — Аммо болалигидан спортчиларга хос кучли ирода, қатъий интизом руҳида тарбияланган. Шу боис туман маркази – Яйпан шаҳрида жойлашган спорт тўгарагидаги илк машғулотлардан бошлаб, ҳалигача шаҳду шиддат билан шуғулланади. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида доимо тайёргарлик жараёни билан банд бўлгани учун кам кўришамиз.

Мамлакат миқёсидаги ғалабалардан кейин Зиёда жаҳон ареналарида зафар қучишни бошлади. 2016 – 2023 йиллар давомида Полша, Жанубий Корея, Буюк Британия, Португалия, Вьетнам, Туркия, Иордания, Мексикада ўтказилган халқаро турнирлар иштирокчиси ҳамда совриндори, Параосиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони бўлди.

— Қизимнинг чап қўлида бироз нуқсони бор. Аммо бу унинг спортдаги улкан натижаларига учун халақит бергани йўқ, — дея суҳбатимизни давом эттиради онаси Ирода опа. — Чунки у аниқ мақсад йўлида ҳеч қандай қийинчиликдан қўрқмайди. Қизим билан телефон орқали гаплашдим. Финалда кумуш медалга эришганидан бироз ўксинди. Улкан ғалабалари ҳали олдинда эканлигига ишонтириб, унга тасалли бердим. Сабаби, Зиёда спортда айни катта натижаларга эришадиган ёшда. Яқин келажакда нуфузли халқаро мусобақаларда ўз сўзини айтишига ишонаман.

Демак, жаҳон спортида тўрт йилликнинг нуфузли Паралимпия ўйинларини ана шундай хуш кайфиятда кузатишда давом этамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?