Спикер ўринбосари Қорақалпоғистонда қандай масалаларни ўрганди?

Пандемия даврида иқтисодий соҳада юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Бу борада мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг жойлардаги ижросини ўрганди.
Дастлабки манзил Беруний туманида жойлашган “Eko Agro Capital” МЧЖ бўлди. А.Ҳаитов корхона фаолиятини кўздан кечириб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди.
— Иш фаолиятимизни бошлаганимизга тўрт йилдан ошди, — дейди корхона раҳбари Рустам Сейтимбетов. — Айни дамда кўл остимизда 31 нафар ходим меҳнат қиляпти. Келгусида балиқчилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш орқали фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
А.Ҳаитов паррандачилик етиштиришга ихтисослашган шундай корхоналар сонини кўпайтириш, балиқчилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Ҳозирги кунда «Саркоп» ОФЙ ҳудудида янгидан барпо этилаётган иссиқхонада асосан помидор, бодринг, булғор қалампири ва қиш мавсуми учун кўкатлар етиштирилади. Асосийси, иссиқхона ишга тушиши билан 120 нафар ёшлар ишли бўлади.
Шу куни Спикер ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари мазкур ҳудуддаги «Соркопли кооператив» ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлишди.
— Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги кўплаб давлатлар сиёсатининг муҳим тармоғига айланди, — деди А.Ҳаитов. — Юртимизда ушбу соҳани модернизация қилиш мақсадида нафақат давлат бюджети, балки халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб қилинди. Демак, ердан самарали фойдаланган ҳолда, ундан йилига икки уч марта ҳосил олиш лозим.
Халқ ноиблари мазкур учрашувлар доирасида берунийлик фаол ёшлар билан мулоқот қилишди.
Туман ҳокими, «Ёшлар парламенти» аъзолари, ЎзЛиДеП «Ёшлар қаноти» фаоллари иштирок этган учрашувда юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур учрашувда ёшларнинг муаммолари тингланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари Элликқалъа туманида давом этди. Учрашув чоғида «Бустон Оптимал-Текстиль» МЧЖ фаолияти билан танишиб, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди.
— Корхонамизда асосан сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди жамият раҳбари Т.Казаков. — Маҳсулотларимизни ҳозирча ички бозорда сотяпмиз. Келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириб, хорижга экспорт қилиш ниятимиз бор.
Учрашувда корхона ишчиларининг 41 нафари партия сафига қабул қилиниб, жамият қошида ЎзЛиДеП бошланғич партия ташкилоти тузилди.
«Амиробод» ОФЙ ҳудудида жойлашган «Агро эксим голд» МЧЖга қарашли иссиқхона 2019 йилда 3,6 гектар майдонда гидропоника усулида барпо этилган. Жорий йилда бу ерда етиштирилган 720 тоннадан ортиқ маҳсулот Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари замонавий иссиқхона фаолияти билан танишар экан, мамлакат иқтисоди ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади.
Иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириш, аҳолини зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича тавсиялар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг