Сўх туманида мевали боғлар ва доривор гиёҳлар плантациялари барпо этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳаётбахш лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабарингиз бор.
Айни кунларда туманнинг Жавпая массивида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ва қўшимча ўзлаштирилаётган янги ер майдонларида мевали боғлар ва доривор гиёҳлар плантациялари ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб этадиган экинлар экиш ҳисобига ерларни ўзлаштириш ва мазкур ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни иш билан, даромад билан таъминлашдан иборат.
Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг «Халқ сўзи» мухбирига хабар беришича, ҳозирда Жавпая массивида жами минг гектар ер ўзлаштириляпти. Шу мақсадда секундига 200 литр сув тортиш қувватига эга 5 та насосдан иборат станция ёрдамида 5 км тармоқ тортиб, 223 метр баландликка сув чиқариш ишлари якунига етказилмоқда. Бунинг учун вилоят маҳаллий бюджетидан 21 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бугунги кунга қадар ўзлаштирилган ерларда 10 сотихдан иссиқхона-лимонарийлар ташкил этилиб, имтиёзли кредит асосида, шунингдек, субсидия ҳисобидан бепул равишда ёш оилаларга ажратиб берилди.
Шу кунларда массивнинг юқори қисмида жойлашган тоғлар бағрида анорзор барпо этиш ишлари жадал олиб бориляпти. Биринчи босқичда 230 гектар ерга анор кўчатлари экиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун хориждан 153 минг тупдан зиёд интенсив кўчатлар келтирилди. Режага кўра, иккинчи босқичда яна 200 гектардан зиёд ерда анорзор ташкил этилади.
Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Сўхнинг Қайроқ массивида ўзлаштиришга киришилаётган 1080 гектар яйлов ерларда ёнғоқ, олма ва нок боғлари, малина, тут ҳамда доривор гиёҳлар плантациялари ташкил этиш ҳисобига 3 мингдан зиёд ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлиши кўзда тутилган.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг