«Сизлар мени асрай олмадингиз…» Автоҳалокат қурбони бўлган қизалоқ тилидан катталарга хат!

18:14 10 Июль 2024 Жамият
551 0

Фото: Иллустратив

Бугун мен ўлдим. Ҳеч қандай бомба портламаётган, уруш бўлмаётган, осмони мусаффо юртда мени ҳаётимдан жуда этишди. Шунчаки, йўлдан, пиёдалар йўлакчасидан, ўтаётган эдим.

Машина мени босиб ўтар экан, жуда қаттиқ оғриқ сездим. Лекин мен каби йўлларда машиналар тагида қолиб кетаётган бошқа болаларни ўйлаганимда жамиятнинг касали, унинг оғриғи бундан кучлироқ бўлса керак деб ўйладим.

Афсусланадиганим бугун онажоним менга манти пишириб бермоқчи эдилар. Мен ҳам уларга ёрдамлашиб, мана ҳозир суяклари майдаланиб кетган қўлчаларим билан дадажоним келишига манти тугиб бермоқчи эдим.

Энди мен онажонимни қучоқлай олмайман. Энди дадажоним қўллари билан сочимни силаб: «Она қизим, сени яхши кўраман» деганларини ҳис қила олмайман. Ахир мен шунчаки йўлдан ўтмоқчи эдим.

Катта бўлсам, ҳуқуқшунос бўлмоқчи эдим. Одамларни, укаларимни ҳимоя қилмоқчи эдим. Аммо ҳали кичкина эдим, мени катта бўлгунимча ҳимоя қилишларингиз керак эди. Ахир мен одамларни катта бўлиб ҳимоя қилмоқчи эдим. Ҳали ўзимни ҳимоя қилишга ёшлик қилардим.

Мени босиб кетган амакини қамашади. Фарзандлари кўргани бориб туради. Амаки болаларини бағрига боса олади. Менинг дадажон, менинг онажоним эса менинг эзилиб кетган совуқ танамни совуқ тупроққа қўйиб келишади.

Мен ҳам улар билан кетишни истардим. Бу ер жуда совуқ.

Дадажон, кечқурун устим очилиб қолганда ўзингиз чойшабимни ёпиб қўярдингизку. Ҳозир ҳам устимни ёпиб қўйинг.

Санжар ШОМУРОДОВ«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер