“Сизлар ҳеч ким эмассизлар!”

18:52 23 Март 2021 Жамият
566 0

Иллюстратив фото

Яна мажлисбозлик
Газеталар учун ажратилган пулнинг эгаси борми?
“Press poligraf servis” МЧЖ кимнинг эркаси?
Бизда маънавият нечанчи ўринда?

 

1.
Яна мажлисбозлик

Биз 12 март эрталаб Наманган вилоят халқ таълими бошқармасининг янги бошлиғи Рустамжон Исроиловга учрашганимизда, у шу куни мажлислар билан бандлигини билдирди. Ҳозир йиғилишга жўнаб кетаркан. Шу билан тушлик. Тушдан сўнг соат иккида видеоселектор. Ундан сўнг бир-икки соат дам оладими, йўқми, кечқурун яна бир вилоят даражасидаги мажлис. Хуллас, Президент Шавкат Мирзиёев “мажлисбозлик қилманглар”, деб айтаверади, мулозимлар эса... 

Ҳамон эски тос, эски ҳаммом.
Бошлиқ бизга маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Хайрулла Абдураҳмоновни рўпара қилди. Шу мулозим обуна ишлари билан шуғулланган экан. Хайрулла бизни “PRESS POLIGRAF SERVIS” МЧЖ  билан телефон орқали боғлади-да, ўзи мажлисга кетишини, тушдан сўнг бўшаса, қўлидан келадиган ҳар қандай  ёрдамга тайёр эканлигини айтди.
 

2.
“PRESS POLIGRAF SERVIS” МЧЖ даги ҳангома

Раҳбар бир ёқда қолиб, биз билан фирманинг иш юритувчисиман, дея ўзини таништирган Музаффар Жамолиддинов қизғин тортишувларга тушиб кетди.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-қарори ҳамда халқ таълими вазирининг топшириғи асосида ҳар бир қишлоқ мактабини 2021 йилда биттадан “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун вилоят молия бошқармаси маълум миқдорда пул ажратган. Ана шу маблағ Уйчи, Норин, Наманган, Косонсой, Учқўрғон, Чортоқ, Янгиқўрғон  туманлари халқ таълими бўлимлари ҳисоб рақамларига  туширилиб, ундан сўнг (“Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” маҳаллий бўлинмалари бир четга сурилиб), гўёки тендерда ғолиб чиққан “PRESS POLIGRAF SERVIS” МЧЖга 2020 йил 25 декабрда ўтказиб берилган. Шундан сўнг фирма “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти билан шартнома тузиб, пулни ўтказиб, 1 январдан газета етказиб бериш бўйича талабнома жўнатиши керак эди. Аммо... турли-туман важ-корсонларни ўртага чиқариб, МЧЖ шартнома ҳам тузмади,пулни ҳам ўтказмади,... Бир қанча гап-сўзлардан сўнг таҳририят ҳуқуқ тартибот органларига  мурожаат  қилди. Шундан кейингина фирма  Наманган вилояти прокуратураси талабига кўра таҳририят билан шартнома тузди, пулни ўтказди, бироқ... талабнома жўнатмади.

Нега?
12 март куни М. Жамолиддинов бу саволга қуйидагича жавоб қилди:
— Биз “Халқ сўзи” билан тузган шартнома бўйича бир ойлик газета оламиз-да, кейинги ойлар учун шартнома иловасини бекор қилиб, пулни ортга қайтариб,  бошқа газета обунаси учун берамиз.

— Шартномани бекор қилишга сабаб нима? Қандай асосларингиз бор? Сизга ким “бекор қил”, деб айтди?
— Биз ўзимиз шундай қарорга келдик, — деди  иш юритувчи, — чунки пул биздами, барча масалани ўзимиз ҳал қиламиз.
— Наҳотки? Шу мумкинми?
— Мумкин, аввал ҳам шунақа ишларни қилганмиз. Бунга ҳаққимиз бор.
Қаранг-а!
Қишлоқ мактабларини газета билан таъминлаш учун  молия бошқармаси пул чиқаряпти, еттита туман халқ таълими бўлими уни“Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” бир ёқда қолиб, қандайдир “PRESS POLIGRAF SERVIS” МЧЖ га ўтказиб беряпти, у эса,.. пулнинг эгаси эмиш.

— Биз ҳали сизларни судга берамиз,  фирмамизни вазирликка, прокуратурага бериб, текширтиришга нима ҳақларинг бор? Сизлар кимсизлар ўзи? — дея қўрқитишга ҳам уринди иш юритувчи. Таҳририят ҳуқуқшуносини эса куракда турмайдиган ибора билан ҳақорат қилди.

Бу ўша қадимги мақол: “Қўрққан олдин мушт кўтарар”ни эслатди. 
— Сиз декабрда газеталар учун пулни олгансиз, тўғрими, то прокурор аралашганга қадар, икки ой давомида маблағни бермадингиз, шартнома тузмадингиз. Нега?
— Буни мен билан муҳокама қила олмайсизлар, чунки сизлар ҳеч ким эмассизлар! Керак бўлса, мен ўша бюджет ташкилотларга бориб, “Шартномани бажара олмадим”, деб пулини қайтариб беришим ҳам мумкин. Менинг “халқ таълими” билан шартномамга сизлар аралаша олмайсизлар, чунки, ҳеч ким эмассизлар, — такроран таъкидлади М. Жамолиддинов.

Бу одам аслида озиқ-овқат соҳаси бўйича мутахассис бўлса-да, ўз ишининг устаси, ҳуқуқ соҳасини ажабтовур тушунадиган кишига ўхшатишимизни истарди, чамаси. Бироқ кимгадир ишониб, жуда баланддан келар, иложи бўлса,... олган пулини икки ой давомида ўтказиб бериш ўрнига асоссиз ушлаб ўтиргани учун жавобгарликни ҳис қилишни мутлақо истамас, балки тескари тарзда, айнан “Халқ сўзи”  газетасини йилнинг иккинчи ярмидан етказиб бериш тўғрисида ҳужжатлар ҳам тайёрлаган экан. У кейинчалик тушунишимизча, прокуратура текшируви давомида тайёрланган, деган  гумонларга бордик. Тағин, худо билади...

— Йилнинг иккинчи ярмигача “Халқ сўзи” газетаси ёпилиб ҳам кетиши мумкин, — давом этди иш юритувчи. — Ўшанда иккинчи ярим йиллик учун ажратилган  пулни қайтариб оламиз ва бошқа газетага ўтказамиз.
Хуллас, пулни бермаслик учун М. Жамолиддинов иккита газетани бир-бирига қарши қўйиш, ниятида эканини асло яшириб ўтирмади.
 

3.
Якунда қайд этишимиз лозимки, “PRESS POLIGRAF SERVIS” МЧЖ қандай қилиб қишлоқ мактабларига газеталар етказиб бериш ҳуқуқини қўлган киритди деган савол кишини ўйлантирмай қўймайди. Чунки унинг матбуотга, шу билан бирга маънавият ва маърифатга муносабати юқоридаги гап-сўзлардан билиниб турибди.
Бу қанақа тендер бўлдики, “мен арзон нархларда етказиб бераман”, деса, сўрамай, суриштирмай, вилоят молия ва халқ таълими бошқармалари пулни  унга ўтказиб юбораверишди? Боз устига МЧЖдагилар газеталарни ҳафтасига бир ёки икки марта етказиб берамиз холос, деб ўзлари тан олиб туришса.

Айнан Музаффар Жамолиддинов таъкидича, бунга ҳеч қайси мактаб эътироз билдирмайди.
Тушунчани қаранг!
Демак, хоҳласа, ҳафтада бир марта етказса ҳам бўлади. Агар истаса, албатта.
Ёхуд, етказмаса ҳам бўлаверади...
Бу масалага ҳеч ким қизиқмайди.
Негаки...

Устига устак, М. Жамолиддиновга кўра, яқинда вилоят маҳаллий бюджетидан 2022 йилда қишлоқ мактабларига газеталар етказиб бериш учун бир миллиард икки юз миллион сўм ажратиш масаласи ҳал бўлибди. Бу маблағ   ҳам “PRESS POLIGRAF SERVIS”га  ўтказиб берилар эмиш.
 

4.
Бизда маънавият нечанчи ўринда?

Айтишларича, уруш даврида жангдан чиққан аскарларнинг руҳини кўтариш учун уч вагон юк келтиришипти. Биттасида жанггоҳ ортидаги оилаларидан келган хатлар ва газеталар, иккинчисида озиқ-овқат, учинчисида эса кийим-кечак ҳам қурол-аслаҳа бор экан. Вагонларнинг қай бирини олдин очиш ҳақидаги масала кўндаланг қўйилипти. У жуда катта мунозараларга сабаб бўлипти. Шунда бир оқсоқол айтибди:
— Энг аввал почта ва газеталар юкланган вагонни очамиз. Уйдан келган хатларни ўқиб, газеталардан жангларнинг бориши ҳақидаги хабарлар билан танишиб, аскарларнинг руҳи кўтарилади. Қолгани кейин бўлаверади.
Яъни уруш кетаётган пайтда ҳам энг муҳим нарса маънавият эканлиги тан олинмоқда.
Бизда—чи?
Нима қиляпмиз ўзи?
Маънавият нечанчи ўринда?
Таҳририят ходимлари – ижодий иш билан машғул бўлиш ўрнига —“тадбиркорлар” билан газета етказиб бериш масаласида тортишишга  мажбур бўлишяпти. Айрим фирмалар эса ойлаб бюджет пулини  яшириб ўтириптию, жавобгарликка тортилиш  ўрнига,  яна дўқ уряпти.
 

5.
Хулоса ўрнида

Биз 13 март куни Уйчи тумани халқ таълими бўлими мудирининг  маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўринбосари Акрамжон Мелибоев билан телефон орқали суҳбатлашдик. У кишининг айтишича, газеталар таъминоти бўйича шартнома тузилаётганда иккинчи ярим йиллик ҳақида умуман гап бўлмаган. У бир неча бор 1 январдан “Халқ сўзи”ни етказиб беришларини талаб қилган, аммо... масала ҳал этилмаган. Бу борада вилоят  халқ таълими бошқармаси бошлиғининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Хайрулла Абдураҳмоновга бизнинг берган кўп саволларимиз очиқ қолди. Мазкур масалада унинг позицияси жуда ғалати эди. “Туманлардаги ташкилотларимиз мустақил, қарорни ўзлари қабул қилади, мен уларнинг ишига аралашмайман”, деб туриб олди.
Шунақа  бўлса, у  киши ўтирган лавозимни тугатиш керакдир балки? 

Музаффар Жамолиддинов билан суҳбат якунида  маълум бўлдики, агар вилоят ҳокимлигидаги бир масъул ходим рози бўлсагина, вазият ўзгариши мумкин экан. 
— Ўша масъул ходим уч кун аввал ишдан бўшатилгани ҳақида хабар бор, — дедик биз.
Иш юритувчи бирдан енгил тортди ва дарҳол биз билан келишажагини билдирди.
Қандай яхши!

Ҳар бир ишнинг охири бахайр бўлсин, деган бурунгилар.
Мазкур талош-тортишувлар ҳам хайрли хотима топишига умид қиламиз, бироқ...
Минг афсуски, Намангандаги ҳодиса бошқа жойларга ҳам тегишли. Жуда кўп  вилоятларда газета таъминоти масалалари ана шунақа аҳволда. Балки “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” сустлиги туфайлидир.
Ижтимоий тармоқларда босма нашрлар ҳақида хилма—хил тортишувлар тўлиб ётипти. Аммо жойларда газета-журналлар учун ўтказилган пулларга мутлақо бегона, соҳага алоқаси йўқ хусусий тадбиркорлар эгалик қилаётгани, хоҳласа, обуна пулларини еб юбориб, йиллар давомида жавобгарликдан қутулиб қолаётгани ҳам бор гап.  
“Мана сизга баҳслар учун янги мавзу!”, — деган экан бир донишманд...
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
 “Халқ  сўзи”. 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер