Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Мирзаобод туманидаги Турғун Аҳмедов маҳалласида шоирнинг уй-музейи тантанали равишда очилди.
Эътиборлиси, уй-музей қошида кутубхона ҳам ташкил қилинди. Шоирнинг ижодий иш қуроллари, қўлёзмалари, мактублари, шахсий буюмлари музейдан ноёб экспонатлар сифатида жой олди. Шунингдек, бу ерда Тўра Сулаймон ҳайкалининг очилиш тадбири ҳам бўлиб ўтди.
— Юртимизда Мирза воҳасининг оддий қишлоқларидан бирида яшаб, ижод қилган устоз ижодкор Тўра Сулаймоннинг шеърлари кириб бормаган хонадон йўқ, десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Норинисо Қосимова. — Унинг жуда кўплаб шеърлари халқимиз севиб тинглайдиган қўшиқларга айланган. Хусусан, “Умр ўтмоқда”,“ Тополмасман”, “Баҳор кетма, менинг боғимдан” сингари тароналар бугунги кунда миллий мусиқа санъатининг дурдоналари сирасидандир. Шуни мамнуният билан айтиш лозимки, шоирнинг халқимиз адабий-маънавий хазинасига қўшган ана шундай ижодий ҳиссаси ва она юртнинг фидойи ижодкори сифатидаги ибратли фаолияти давлатимиз томонидан юксак эътироф этилаётганидан барча ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, Тўра Сулаймон ижоди мухлислари ва албатта, шоирнинг авлодлари чексиз миннатдорлигини изҳор қилишмоқда.
Уй-музейнинг очилиш тантанасидан сўнг Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида “Қуёшга интилган шоир” деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар Тўра Сулаймон ижодининг ёш авлодни она юртга янада меҳр-муҳаббатли ва садоқатли қилиб тарбиялашда ҳамда маънавий-маърифий ҳаётимизда муносиб ўрни борлигини алоҳида таъкидлади.
Тўра Сулаймон таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирларда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Олий Мажлис Сенати аъзоси, шоир ва журналист Абдусаид Кўчимов, филология фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ва бошқа таниқли олим ҳамда ижодкорлар иштирок этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг