Сирдарёда тўгаракларни ташкил этишда ота-оналарнинг таклифлари ҳам эътиборга олиняпти

16:43 22 Февраль 2024 Жамият
308 0

Фото: "Халқ сўзи"

Аҳмадали Шерназаров/“Халқ сўзи”. Бултур Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактабида хусусий сектор билан ҳамкорликда “Инглиз тили”, “Ёш дастурчи” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилганди. Шунингдек, “Компьютер дизайн ва графикаси”, “Робототехника” каби бугунги кун талабига мос йўналишлардаги тўгараклар ҳам очилди.

— Ҳозир мактабимизда 7 та йўналишдаги 23 та тўгарак фаолият юритяпти, — дейди Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Рустам Дусмуратов. — Вилоятимиздаги 12 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари бўйича жами 349 та тўгарак бўлиб, уларга 7874 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Шу билан бирга “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгаракларининг бевосита умумтаълим мактабларида ҳам тармоқлари ҳам бор. Бу эса чекка ҳудудлардаги ўқувчиларнинг ҳам “Баркамол авлод” болалар мактаблари имкониятларидан фойдаланишларига қулай имконият яратмоқда.

Эътиборлиси, тўгаракларни ташкил этишда замон талаби билан биргаликда ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида ўтказиб борилаётган сўровномаларга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Масалан, айни шаклдаги ўрганишлар натижасида “Маданият ва санъат” йўналиши бўйича “Ёш доирачилар”, “Фортепиано ижрочилиги”, “Ўзбек миллий ва жаҳон мусиқа асбоблари ижрочилиги”, “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” йўналиши бўйича “Робототехника ва конструктор”, “Ёш дастурчи” (Frontend-Backend), “Компьютер дизайн ва графикаси”, “Ёш архитектор”, “Хорижий тиллар йўналиши бўйича “English Language Testing System (IELTS)”, Президент ва ижод мактабларига тайёрлов бўйича тўгаракларини очиш мақсадга мувофиқ, деб белгиланди.

Маълумот учун айтиш лозимки, ўтган йил бошида Гулистон шаҳрида замонавий типдаги вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби биноси қуриб фойдаланишга топширилди. 350 ўринга мўлжалланган ушбу мактабда тўгараклар, ўқув-машғулотлари учун махсус жиҳозланган хоналар мавжуд. Бундан ташқари, 100 ўринли ахборот технологиялари кичик зали ҳам бор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер