Сирдарёда нарколаборатория, Наманганда эса наркосавдогарлар фош қилинди (+видео)

10:07 10 Ноябрь 2025 Жамият
183 0

Сирдарё вилоятида нарколаборатория, Наманган вилоятида наркосавдогарлар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, Гулистон шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс ва унинг 1996 йилда туғилган турмуш ўртоғи ҳозирда Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро билан келишган ҳолда, унинг хонадонида синтетик наркотик моддалар тайёрлаб, «закладка» тарзида мижозларга етказиб бериш билан шуғулланиб келган.

Мазкур нарколабораториядан 4 кг 373 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси, электрон тарози, миксер, противогаз, зип-пакет ва қадоқлашда ишлатиладиган бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, оғуфурушлар МДҲ давлатлари бўйлаб интернет тармоғида синтетик наркотиклар сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ томонидан хориждан юборилган хом-ашёлардан фойдаланиб, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашган.

Ҳозирда ушбу 3 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг Уйчи тумани «Янгиер» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми орқали Қирғиз Республикасидан мамлакатимизга қонунга хилоф равишда кириб келган вақтида тўхтатиб қолинган.

Мазкур шахс текширилганида, унинг ёнида бўлган сумка ичида 9 кг 702 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 223-моддаси 1-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Яна бир ҳолатда эса Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда қилинган, тахминий қиймати 3,2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган, 24 минг 122 дона «Регапен» ва 4 минг 880 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 45 турдаги жами 61 минг 287 дона контрафакт дориларни қабул қилиб олиб, кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.

Шундан сўнг, ушбу дори воситаларини буюртма қилган шахслар ва куръерларни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган шаҳри ва Косонсой туманида яшовчи 5 нафар фуқаро аниқланган ва улар ҳақиқатдан ҳам кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва контрафакт дориларни Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона водийси вилоятларида сотиш билан шуғулланишлари маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер