Сирдарё вилоятида «Маънавият фестивали» бўлиб ўтмоқда

11:06 12 Октябр 2022 Жамият
569 0

Фото: Халқ сўзи

Шу йилнинг 15 октябрига қадар «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» эзгу шиори остида давом этадиган ушбу фестиваль доирасида санъаткорлар, маънавият тарғиботчилари, ижодкорлар ҳамда Кинематография агентлигининг «Кинокарвон» жамоаси иштирокида аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, концерт дастурлари ва ижодий учрашувлар ўтказилаётир.

Куни кеча пойтахтимиздан ташриф буюрган халқ артистлари, маданият ходимлари ва кўплаб таниқли актёрлар Боёвут, Сайхунобод, Сардоба, Гулистон, Ховос, Оқолтин, Мирзаобод, Сирдарё туманларида аҳоли билан ижодий учрашувда бўлди. «Маънавият карвони» эса сирдарёликларга 7 минг нусхада совға китоблар келтирди.

Шунингдек, «Ватан остонаси», «Муҳаббат баҳори», «101-рейс», «Мерос», «Аёл қисмати», «Аёл қалби», «Барон-2», «Бир кунлик тўй» сингари янги кинофильмларни ҳам намойиш этиш режалаштирилган.

— Фестиваль дастури жуда ранг-баранг, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов. — Ундан маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар, гала концертлар, «Маънавият кубоги» спорт мусобақаси, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, «Меҳр-мурувват ва саховат» лойиҳаси каби кўплаб тадбирлар ўрин олган. Эътиборлиси, фестиваль маҳаллалардан мактабларгача, ишлаб чиқариш корхоналаридан далаларгача - барча ҳудуд ва жойларга кириб боради.

Учрашувларда аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз равнақи ва келажаги учун дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш, уларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, фуқароларимизнинг онгу тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилмоқда.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер