Сирдарё соҳилида экотуризм манзиллари кўпаймоқда

12:12 16 Апрель 2025 Жамият
59 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё дарёси бўйларида сайёҳлик, дам олиш масканлари тобора кўпаймоқда. Тез орада Сирдарё туманининг Шоликор маҳалласида 6.3 гектар майдонда ташкил этилган экотуризм мажмуаси ҳам ўз фаолиятини бошлайди. «RAVON-ARENA» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра 6 та тураржой бинолари қуриб битказилди ва улар мебеллар билан жиҳозланди. Бассейн, болалар ёпиқ мини ўйингоҳи ҳам қурилди. Таъкидлаш лозимки, мажмуада Европа стандартларига мос шароитлар яратилди.

— Барча қурилиш ишларини якунладик, — дейди «RAVON-ARENA» МЧЖ раҳбари Расул Бўтабоев. — Мажмуамизда катта футбол майдони, сауна, фазанария ҳам бор. Яқинда 8.5 киловаттлик қуёш панеллари ишга туширилди. Сайёҳлар қармоқда балиқ тутиш билан ҳам шуғулланиши мумкин. Бунинг учун дарё бўйига балиқ овига мўлжалланган, кўчирилувчи сўрилар ҳам ўрнатилди. Мажмуада мўъжаз ҳайвонот боғи ҳам ташкил этяпмиз. Хусусан, фазанариямиз, яъни паррандахонамиз учун тустовуқлар келтирдик.

Маълумот учун. Жорий йилда Сирдарё дарёсининг Гулистон туманидан ўтувчи қисми бўйида 10,9 гектар майдонни эгаллайдиган «Туризм кластери»ни ташкил қилиш мўлжалланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?