Сингапур Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифини катта қизиқиш билан кутмоқда — Элчи Қаҳрамон Шокиров

19:19 16 Январь 2023 Сиёсат
924 0

Иллюстратив фото

«Дунё» АА мухбири Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шокиров билан бугунги кунда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожи, ҳамкорликни чуқурлаштириш ва унинг кўламларини кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида суҳбатлашди.

— Аввало, Сингапурда Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифига пухта ҳозирлик кўрилганини таъкидлашни истар эдим. Хусусан, ташриф арафасида қатор етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз тарихи, унинг нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун Евроосиё маконининг ўтмиши ва бугунги кунидаги ўрни, сўнгги йилларда эришилган муваффақиятлар, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган чуқур ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилувчи қатор таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатда олий даражадаги Ўзбекистон — Сингапур саммитига ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга юқори даражада қизиқишнинг мавжудлигидан  далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, Сингапур Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 27 декабрь куни тан олган. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари 1997 йил 8 апрелда ўрнатилган бўлиб, 2022 йилда бу муҳим воқеага 25 йил тўлди. 2007 йилдан буён Сингапурда Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро англашув ва ишонч асосида жадал равнақ топмоқда. Сингапур Ўзбекистоннинг демократик давлат барпо этиш, иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги изчил йўналишига анъанавий равишда бирдамлик кўрсатишда давом этмоқда, етакчи халқаро тузилмаларда мамлакатимиз ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.

Икки мамлакат расмий делегацияларининг доимий алмашинуви йўлга қўйилган, парламент аъзолари ўртасидаги маслаҳатлашувлар қўллаб-қувватланмоқда, таҳлил марказлари ва институтлар иштирокида давра суҳбатлари ва семинарлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Ишбилармон доиралар, сайёҳлик компаниялари вакиллари Ўзбекистон ва Сингапурда ташкил этилаётган халқаро сармоявий, иқтисодий ва сайёҳлик форумлари ва кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда.

Аминманки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга янги кучли суръат бағишлайди, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.

Сўнгги йиллар мобайнида мамлакатимизда ҳаётга тадбиқ этилаётган, ташқи иқтисодий сиёсатни янада либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, тармоқларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очишга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кейинги олти йилда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг сезиларли даражада фаоллашувини белгилаб берди.

Айни пайтда Сингапур компаниялари мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимида ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бугун ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Сингапурда ишлаб чиқилган махсус мультимодал дастурлар бўйича аниқ фанларни ўрганиш имкониятига эга.

2021 йилда Тошкентда Сингапурнинг иккинчи университети — “TMC Institute” очилди.  Бу ерда ўзбекистонлик талабалар ахборот технологиялари, логистика, бизнес менежменти, туризм ва меҳмонхона бошқаруви, бухгалтерия ҳисоби каби соҳаларда билим олмоқда.

Шу билан бирга, Сингапур компаниялари тўқимачилик ва кимё саноатида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий қишлоқ хўжалиги кластерларини яратиш, шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, саноат корхоналари учун йирик темир конструкциялар қуриш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо муносабатларини йўлга қўйишда иштирок этмоқда.

Муқобил энергия манбалари, транспорт логистикасини ривожлантириш, инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда янги метро линияларини лойиҳалаш ва қуриш, мавжуд халқаро аэропортларни бошқариш ва янгиларини барпо этиш, замонавий шаҳарсозлик  инфратузилмалари, таълим ва бошқа соҳаларда мастер-режалар яратиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, жаҳон цивилизациясининг энг қадимий тарихий-маданий ёдгорликлари, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби  очиқ осмон остидаги музей-шаҳарлар билан яқиндан танишиш учун сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш мақсадида Сингапурда Ўзбекистоннинг туризм брендини тарғиб қилиш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон инвесторларни жалб қилиш, рақамли ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Сингапурнинг ноёб тажрибаси, инновацияларини қўллашдан манфаатдор. Ўз навбатида, савдо-сармоявий ҳамкорликни, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон Сингапур учун ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Мамлакатларимиз барча йўналишларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга. Шу нуқтаи назардан, олий даражадаги мулоқотни янада фаоллаштириш икки мамлакат халқларининг фаровонлигига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер