Сил касаллигини эрта аниқлаш имконияти яратилди

Самарқанд вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази 590 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг бактериологик лабораториясига янги турдаги диагностик лаборатор аппарат — квантиферон тест анализатори олиб келинди. Бу аппарат орқали қонда яширин сил касаллигини эрта аниқлаш мумкин. Эътиборлиси, ушбу анализатор республикада биринчилардан бўлиб Самарқанд вилоятида ишга туширилди.
— Ушбу аппарат Германия тараққиёт банки томонидан “Туберкулёз 5” лойиҳаси асосида 238,6 миллион сўмлик грант маблағлари ҳисобидан олинган, — дейди марказ директори Шерали Шерқулов. — Квантиферон тест анализатори латент туберкулёз инфекциясини эрта аниқлаш мақсадида қон зардобидан иммунофермент таҳлили ўтказилади. Квантиферон тест аппарати венадан олинган 5 миллиграмм қонда латент туберкулёзни, яъни яширин силни аниқлашга мўлжалланган диагностик аппаратдир. Анализатор томонидан олинган таҳлиллар жавоби уч кунда чиқади. Аппарат қон таркибида гамма интерферон ферментини аниқлайди. Ушбу гамма интерферон қонда нормадан юқори бўлса, организмда яширин сил борлиги белгиси бўлади.
Квантеферон аппарати орқали асосан туберкулёз билан касалланиш хавф гуруҳидаги беморлар, ОИВ билан касалланган беморлар ҳамда тез-тез касалланувчи болалар текширилади. Шунингдек, ушбу аппарат ёрдамида ИФА анализаторлари томонидан ўтказиладиган барча турдаги таҳлилларни ҳам ўтказиш мумкин.
Шу ўринда айтиш керакки, марказда олти йилдан буён минтақалараро замонавий бактериологик лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Марказга сил касаллигини эрта ташхислаш ва даволаш учун 10 та “ХDR Gen Expert” замонавий аппарати ҳам олиб келинган. Мазкур аппарат молекуляр генетик текширув усули билан автоматик равишда ДНКни ажратиб, сил таёқчаси бор-йўқлигини 70 минут давомида аниқлаб беради. Бундай аппаратлар вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида иккита, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Тойлоқ, Ургут, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Оқдарё туманларига биттадан берилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг