«Шунқорлар – 2025»: Бу сафар ғолиблик кимга насиб этди?

15:21 30 Июнь 2025 Спорт
163 0

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати

«Ёшлар ойлиги» доирасида жорий йилнинг 26-28 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси кубоги учун «Шунқорлар» ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичи ўтказилди.

Мазкур ўйинларни ўтказишдан асосий мақсад ёшларни Ватанга садоқат ва юксак ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чақириққа қадар ёшларни Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга қизиқишини ошириб бориш ҳамда уларни руҳан ва жисмонан чиниқтиришдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати хабарига кўра, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўтказилган «Шунқорлар» ҳарбий-спорт ўйинларининг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларидан 14 та жамоа учта блокдан иборат синовлардан ўтказилган.

Хусусан, «Ҳарбий-ватанпарварлик блоки»да жамоа аъзоларининг Ўзбекистон тарихига доир билимлари текширилди. Шунингдек, «Саф қўшиғи» ва «Биз – бир жамоамиз!» кўрик-танловлари ўтказилди. «Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки»да жамоалар пневматик қуролдан ўқ отиш, ўқув гранатасини узоқликка улоқтириш ва ҳарбийлаштирилган эстафета бўйича беллашдилар. Ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида ёшлар «АК-74» автоматини қисмларга ажратиш ва тўлиқ йиғиш ҳамда газга қарши ниқобни кийиб, белгиланган масофага югуриш шартларини бажардилар. «Спорт блоки»да дуатлон, 100 метр масофага югуриш ва турникда тортилиш бўйича ўзаро мусобақалашдилар.

Дўстона руҳда, шу билан бирга шиддатли ва муросасиз кечган «Шунқорлар» ҳарбий-спорт ўйинларининг республика босқичида Андижон вилояти жамоаси ғолиб чиқиб, «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раисининг кубогини қўлга киритди. Беллашувлар якунида Тошкент вилояти жамоаси иккинчи, Самарқанд вилояти вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, сўнгги уч йилдан буён Хоразм вилояти жамоаси ушбу мусобақада кетма-кет ғолибликка эришиб келаётганди.

Якунда ғолиблик ва фахрли ўринларни қўлга киритган жамоалар аъзолари «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, уч кун давомида спорт мусобақаларида белгиланган натижаларни қўлга киритиб, Ягона спорт таснифининг меъёрий талабларини бажарган 6 нафар йигит ва қизлар учинчи спорт разрядлари эга бўлдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?