Шовотда кундузги парвариш хизмати маркази очилди

10:37 17 Июль 2025 Жамият
162 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич республиканинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган.

Хоразм вилоятида Урганч шаҳри, Урганч ва Янгиариқ туманларидан кейин Шовот туманида ҳам шундай марказ иш бошлади. Унинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Янги марказда ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш, психологик ва ижтимоий ёрдам, ривожлантирувчи машғулотлар ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган.

— Марказнинг очилиши ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналар учун жуда катта енгиллик яратди, — дейди лойиҳа ташаббускори, тадбиркор Гулнора Отаёзова. — Авваллари фарзанди туфайли доимий уйда қолишга мажбур бўлган ота-оналар эндиликда меҳнат фаолиятига қайтиш, ўз касбида ишлаб, оиласига барқарор даромад келтириш имкониятига эга бўлмоқда. Кундузги парваришда бола кун давомида хавфсиз ва қулай муҳитда бўлади. Тенгдошлари билан мулоқот орқали ижтимоий кўникмалар шаклланади, психологик ёрдам билан стресс, тушкунлик ва ички тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашилади ва ривожлантирувчи машғулотлар орқали индивидуал ёндашув асосида боланинг қобилиятлари ривожлантирилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинаётган бундай марказлар нафақат ижтимоий хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан, балки тадбиркорликнинг ижтимоий масъулият билан уйғунлашуви сифатида ҳам эътиборга лойиқ. Йил якунига қадар бундай марказлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида иш бошлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер