ШҲТ ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди
Фото: Халқ сўзи
Бугун пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши ўз ишини бошлади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ва ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи органлари – ШҲТ бош котиби ва ШҲТ Минтақавий Аксилтеррор маркази ижроия қўмитаси директори иштирок этмоқда. Тадбирни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов очиб берди. У ўз ҳамкасбларига 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг асосий йиғилишига тайёргарлик ҳақида маълумот берди. - Аъзо давлатлар раҳбарлари, кузатувчилар - Беларус, Эрон, Мўғулистон, шунингдек, Туркманистон Президентлари йиғилишда меҳмон сифатида иштирок этишларини тасдиқладилар. Шунингдек, БМТ Бош котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари ва АСEАН, ЭСКАТО, ОҲИЧК, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ҳамда ИҲТ ижроия органлари раҳбарларининг тасдиқлари қабул қилинди. Бўлажак саммитга Саудия Арабистони Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ал-Саудни меҳмон сифатида таклиф этиш ҳақидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун томонлардан миннатдормиз.
В. Норовнинг айтишича, саммитни минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари, айниқса, долзарб халқаро тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро фикр алмашишни ташкил этишга имкон берадиган юзма-юз учрашув шаклда ўтказишга қатъий қарор қилинган. Саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати - Самарқанд Декларацияси лойиҳасида мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал масалалар бўйича консолидациялашган позициялари акс эттирилган. Ҳужжатда, шунингдек, амалий ҳамкорликни янада такомиллаштириш, минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқасини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар баён этилган.
ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга оширишнинг кенг қамровли режаси, Транспорти соҳасидаги ўзаро боғлиқлик концепцияси, Саноат кооперацияси дастури, «ШҲТ яхши ният элчиси» фахрий унвони тўғрисида»ги низом ва бошқа муҳим ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ўз нутқида ШҲТ фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим жиҳатларни санаб ўтди. Хусусан, Интернет оламида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги хавфли тенденциялар - кибер таҳдидларни яратиш, экстремистик, сепаратистик ва террористик мурожаатларни тарқатиш, шунингдек, бузғунчилик мақсадларига йўналтирилган сохта янгиликлар тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар минтақада тинчлик ва барқарорликни бузишга уринаётган бузғунчи кучларнинг ахборот таҳдидларидан фойдаланганлигидан далолат беради. Шу муносабат билан, дейди В. Норов, ушбу муаммоларга ва «уч ёвуз» кучга қарши туришда бирдамликнинг янада яққол намоён бўлиши ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. ШҲТ давлатлари ахборот ва бошқа янги таҳдидлардан ҳимоя қилиш, «Шанхай руҳи» тамойиллари асосида дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириши зарур.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ШҲТ маконида барқарорликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Сўнгги воқеалар ШҲТнинг жуғрофий ядроси бўлган Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг алоҳида аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. - Куни кеча Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви натижалари минтақа давлатлари Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш мақсадида ишончли ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга қатъий қарор қилганидан далолат беради. Шубҳа йўқки, Марказий Осиёдаги ижобий жараёнлар ШҲТ маконини барқарорлик, тараққиёт, фаровонлик ва самарали ҳамкорлик минтақасига айлантиришга хизмат қилади.
Йиғилишда афғон муаммоси ҳам муҳокама қилинмоқда. Афғонистонда узоқ кутилган тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши ШҲТ маконида хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг стратегик шарти бўлиб қолмоқда. 25-26 июль кунлари Тошкентда юқори мартабали делегациялар, жумладан, ШҲТ давлатлари иштирокида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция анжуманнинг минбаридан ушбу мамлакатни чуқур инқироздан олиб чиқиш бўйича аниқ таклифлар билдирилган тарихдаги биринчи форум бўлди.
Абдували Сойибназаров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг