Шавкат Мирзиёев муҳим Жамғармани тузиш ҳақидаги қарорни имзолади

12:04 28 Август 2024 Сиёсат
303 0

Фото: Президент Матбуот хизмати

Давлатмиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Жамғарманинг асосий вазифалари сифатида соф активларининг бозор қийматини ошириш, Жамғарма акцияларини етакчи хорижий фонд биржасида жойлаштириш, ушбу фонднинг активларига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда уларни хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш учун етакчи халқаро институционал инвесторларни жалб қилишлар киради.

Бундан ташқари, Жамғарма инвестиция активларида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиш, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ЭСГ) стандартларини жорий этишда иштирок этишни бўйнига олади.

Шунингдек, Жамғарма устав капиталини шакллантириш учун давлат улуши ўтказиладиган корхона ва тижорат банкларининг рўйхати тасдиқланган.

Ушбу Жамғарма акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ва акциялари оммавий жойлаштирилгунга қадар унинг ягона акциядори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади. «Жамғарманинг 2030 йилгача инвестиция активлари соф фойдасининг камида 50 фоизи тегишли йил якунларига кўра дивидендлар тўлашга йўналтирилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Маккада қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик Ватанга қайтарилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер