Шавкат Мирзиёев кечаги воқеаларга муносабат билдириб, уларнинг оқибатларига тўхталди

18:09 26 Январь 2022 Сиёсат
1165 0

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда кечаги воқеалар - минтақавий энерготизимда рўй берган носозликлар ва уларнинг оқибатларига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни шахсан назоратимга олдим» деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари мавзуни давом эттирди: «Бундай экстремал вазиятда энергетика, нефть-газ, коммунал соҳа, транспорт, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, оммавий ахборот воситалари ўзаро баҳамжиҳат ишлагани ҳисобига авария оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Шу билан бирга, бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади.

Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак.

Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак», деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер