Шакарга акциз тўлови бекор қилинади

Иллюстратив фото
Президентимиз бизнес учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
“Маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қиммат бозорларга янги-янги маҳсулотлар билан киришига шароит яратишимиз зарур”, деди давлат раҳбари.
Лекин айрим товарлар бозорларимизга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ўзимизда чиқаётган таннархи 220 долларлик кичик музлатгич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади.
Худди шундай музлатгичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олиняпти. Яъни, ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўлаяпти.
Янги фармон билан эндиликда четдан олиб келинаётган товарларни божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади.
Салқин ичимликлар, маиший техника, фармацевтика, алкоголь ва тамаки каби маҳсулотларни маркировкалаш тизими жорий қилинган.
Лекин, барча қонун-қоидаларга мос ишлаётган тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан бир вақтда маркировкасиз товарлар ҳам бемалол сотилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳамма дўконлар ҳам маркировка билан ишламагани учун назорат занжири узилиб қолмоқда.
Солиқ ва Божхона қўмиталарига маркировкалашнинг ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсирини камайтириш чораларини ишлаб чиқиш, маркировкалаш талаби бажарилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилгани учун кўплаб имкониятлар қўлдан бой берилаётгани қайд этилди.
Эндиликда, 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Бу тадбиркорларимиз учун янги имконият экани таъкидланди.
“Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Агар тадбиркорлар қиммат бозорларга ишласа, уларда маҳсулотни кўпайтириш, сифатни яхшилашга интилиш, иштиёқ ортади, манфаат бўлади”, деди Президент.
Ҳозирда қандолатчилик ва салқин ичимликлар тармоғи маҳаллий саноатнинг драйверига айланиб улгургани ва уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шу боис шакарга акциз тўлови бекор қилиниши белгиланди. Қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланади.
Бунинг ҳисобига қарийб 40 минг одам ишлайдиган 5,5 минг қандолат ва салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг йиллик айланмаси камида 50 триллион сўмга етади.
Ҳозирда 2,5 мингга яқин ресторан ва кафе ҚҚС тўламоқда. Йил бошидан уларга ҚҚСнинг 20 фоиздан 40 фоизгача қисмини “кэшбек” сифатида қайтариш тизими жорий қилинган эди. Лекин, ҳозиргача бу имтиёздан бор-йўғи 69 та умумий овқатланиш корхонаси фойдалангани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, салқин ичимлик, торт, музқаймоқ каби 200 дан зиёд маҳсулот алоҳида-алоҳида сотилса, “кэшбек” берилмаяпти. Ваҳоланки, уларга ҳам ҚҚС тўланган.
Солиқ қўмитасига бу борадаги тушунмовчиликларни тартибга солиб, адолатли тизимни йўлга қўйиш топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг