Сердаромад тармоқ нега ривожланмади?

10:03 10 Январь 2025 Жамият
142 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қамаши туманида уй шароитида курка боқиб, фаолиятдан яхши даромад олаётган оилалар кўп. Ҳудуд аҳолисининг бу борадаги тажрибаси эътиборга олинган ҳолда, 2017 йилда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ молиявий кўмаги остида туманда куркачиликни янада ривожлантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳани маъқуллаб, уни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шунга асосан “Azza parranda servis” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар бошланди. Тадбиркорга зарур бино-иншоотларни қуриш, озуқа базасини яратиш учун туман ҳудудидан 300 гектардан зиёд ер ажратиб берилди. 2018 йилда эса тадбиркорнинг 13 миллиард 40 миллион сўм миқдоридаги ўз маблағи ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қашқадарё минтақавий филиалининг 29 миллиард сўм миқдоридаги банк кредити ҳисобига шаклланган лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, мажмуада зотдор курка турларини боқиш йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 июлдаги “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Қарорда 2019-2020 йилларда “Azza parranda servis” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида курка гўштини қайта ишлаш лойиҳасини рўёбга чиқариш ва энг асосийси, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБга туманда куркалар сонини 1 миллион бошга етказиш мақсадида ҳудуддаги 6 минг хонадонга 600 минг бош курка етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Албатта, ўша вақтда бу лойиҳалар билан танишган киши тез орада ҳудудда куркачилик янада ривожланиб кетишини тасаввур этиши қийин эмасди. Бироқ ундай бўлмади. Тўғри, белгиланган қурилиш ишлари амалга оширилди. Зарур технологиялар ўрнатилди, хориждан зотдор кўрка жўжалари олиб келиниб, уларни боқиш йўлга қўйилди. Аммо натижа кўзга кўринмади. Ўтган йили эса корхона бутунлай фаолиятини тўхтатди. Шу аснода Ҳукумат қарори билан белгиланган 6 минг хонадонга 600 минг бош курка етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш вазифаси ҳам амалга ошмасдан қолиб кетди.

Биз ўша пайтда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қашқадарё минтақавий филиали раҳбари бўлиб ишлаётган Ойбек Ҳайитовга мурожаат қилиб, лойиҳанинг нега кутилган самарани бермагани, тадбиркор банкдан олган имтиёзли кредитларининг тақдири қандай кечгани ҳақида сўрадик.

— Тўғри, Президентимиз 2017 йил февраль ойидаги вилоятимизга ташрифи чоғида Қамаши туманида куркачилик комплексини ишга тушириш бўйича топшириқ берган эди, — дея жавоб берди у. — Банк томонидан белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилди. Биз тадбиркорга кредитни ўз вақтида бердик, у мажмуани қуриб, лойиҳани ишга туширди ҳам. Лекин кейинчалик ишни юрита олмади.

Шунингдек, банк масъуллари Ҳукумат қарори билан белгиланган, 6 минг хонадонга 600 минг бош курка харид қилиш учун берилиши керак бўлган имтиёзли кредитнинг аҳолига нега берилмаганини ҳам “Azza parranda servis” МЧЖнинг муваффақиятсиз фаолияти билан асослади.

Уларнинг тушунтиришича, бу лойиҳа ҳам “Azza parranda servis” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг кейинги босқичи сифатида бажарилиши, яъни “Azza parranda servis” МЧЖда кўпайтирилган куркалар аҳолига имтиёзли кредит асосида олиб берилиши режа қилинган. Бироқ “Azza parranda servis” МЧЖ лойиҳани тўхтатгач, бу вазифа амалга ошмай қолиб кетган.

Орадан яна маълум муддат ўтди. Бир пайтлар давлат раҳбарига туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳа сифатида тақдим қилинган, жуда катта молиявий қўллаб-қувватлов эвазига иш бошлаган йирик мажмуа айни пайтда ҳувуллаб ётибди. Ташландиқ бир маконга айланиб қолган.

Биз мажмуанинг эндиги тақдири қандай кечиши, тадбиркорга берилган кредитлар билан боғлиқ жараёнлар қандай якун топгани ҳақида масъуллардан изоҳ сўрадик, бироқ аниқ бир жавоб бўлмади.

Билганимиз шуки, тадбиркор кредитни қайтармаган. Бунинг имкони ҳам йўқ. Зарарни қоплаш учун эса “Azza parranda servis” МЧЖнинг куркачилик мажмуаси банк балансига олинган. Бир йилдан буён банкнинг расмий сайтида – “E-auksion” савдоси асосида сотиладиган мулклар рўйхатида турибди. Нархи 36 миллиард сўмдан ошиқ бўлган бу бинога ҳали харидор чиққани йўқ.

Ачинарли жиҳати, биргина ана шу лойиҳанинг муваффақиятсизликка юз тутиши ортидан Қамашида куркачиликни ривожлантириш бўйича Президент топшириғи, Ҳукумат қарори билан белгиланган вазифалар амалга ошмади. Тармоқда яратилиши керак бўлган минглаб иш ўринлари яратилмасдан қолиб кетди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер