Сенатнинг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси 14 март куни бўлиб ўтади

18:31 13 Март 2023 Сиёсат
1018 0

Фото: Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси 2023 йил 14 март куни соат 15.00 да Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди томонидан 2023 йил 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги 3017-IV-сон қарори бўйича уни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ва Конституциявий суднинг 2023 йил 13 мартдаги қарорларини инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масала Олий Мажлис Сенатида ҳам кўриб чиқилиши керак.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 март куни бўлиб ўтадиган ўттиз саккизинчи ялпи мажлисида ушбу масала муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Ялпи мажлис «Ўзбекистон 24», «Ўзбекистон» телерадиоканаллари, «Uzreport» телеканали ҳамда Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?