Сенат Раиси Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туман ва шаҳарларида бўлиб, аҳоли билан учрашди

01:53 27 Апрель 2023 Сиёсат
669 0

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Чимбой, Кегейли ва Хўжайли туманларида маҳалла раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлик субъектлари, фермерлар, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар, ижодкор ва кашфиётчи ўқувчи ёшлар ҳамда талабалар билан учрашди.

Учрашувларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар, ушбу жараёнларда жамоатчилик назорати, маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаол иштироки, халқ олдидаги ҳисобдорлик, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар, хусусан, янгиланаётган Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни ишлаб чиқишга сезилган эҳтиёж, унда аҳоли таклифларининг акс эттирилгани ҳақида сўз борди.

Хусусан, Сенат Раиси туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сенаторлар билан бўлиб ўтган мулоқотда Сенат ва маҳаллий Кенгашларнинг ҳамкорликда иш олиб бориши, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасига киритилаётган янги нормалар, жумладан давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши аниқ қилиб белгилаб қўйилаётгани, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида акс эттирилаётгани ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Т.Нарбаева Чимбой ва Кегейли туманларида “Бахтли”, “Қуёшли”, “Халқаобод, “Гужим терек” маҳаллари аҳолиси, нуронийлар, кўчабошилар ва маҳалла бешлиги билан учрашди, “Актубатекстил” корхонаси фаолияти билан танишиб, меҳнат жамоаси билан очиқ мулоқот ўтказди.

Бундан ташқари, Сенат Раиси Қорақалпоқ давлат университетига ташрифи чоғида талабалар турар-жойида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ёшлар билан самимий мулоқот ўтказди. Мулоқот чоғида университетда таҳсил олаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини таклифлари ҳам эшитилиб, ўртага ташланган масалалар Сенат Раисининг назоратига олинди.

Т.Нарбаева талабалар турар-жойида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган махсус хоналар, тўгарак машғулотлари ҳолатини кўздан кечирди. У ерда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича ташкил этилган тикув хонасида фаолият юритувчи талаба-қизларнинг фаолияти билан танишиб, уларнинг ўқиши ва келгуси ишларида омад тилади. Ётоқхонадаги талаба ёшлар билан суҳбат давомида эса, волонтёрлар билан суҳбатлашиб, улар томонидан амалга оширилаётган ташаббусларни ижобий баҳолади.

Бундан ташқари, янгиланаётган Конституцияга киритилган нормалар, хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлатнинг олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири сифатида Бош қомусимизга киритилгани алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида, ёшлар бундан жуда ҳам мамнун эканлигини билдириб, эл-юрт тараққиёти учун яхши билим олиш, касбларни пухта ўрганиш орқали ўз ҳиссасини қўшишларини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, ташриф доирасида Сенат Раиси технопарк, мономарказ, мактабдаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази, бахшичилик мактаби, ҳунармандлар уйида ҳам бўлиб, ижодкор ва кашфиётчи ёшлар, ҳунарманд оилалар билан учрашди ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер