Сенат Раиси Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

10:13 13 Ноябрь 2021 Сиёсат
1330 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

2021 йил 12 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Норбоева Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми билан учрашди.

Элчи қабул учун миннатдорлик билдириб, жорий йил 24 октябрдаги Президент сайлови муваффақиятли, очиқ ва ошкора, кўп сонли халқаро кузатувчилар иштирокида ўтганини қайд этди. Мамлакатда хорижий давлатлар билан ҳамкорлик борасида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди.

Араб мамлакатлари, хусусан, Миср Араб Республикаси билан кўптомонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Миср муносабатлари янада ривожланиб, анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар кўлами кенгайиб бормоқда.

Мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-маънавий, сайёҳлик жумладан зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда парламентлараро муносабатларни кенгайтириш муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда томонлар икки мамлакат парламентларидаги Дўстлик гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш масалаларига эътибор қаратдилар.

Учрашувда томонлар гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?