Сенат қўмитасида заргарлик саноати, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Миллий гвардияга оид қонунлар муҳокама қилинди

14:06 28 Февраль 2025 Сиёсат
7939 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2025 йил 28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида бир қатор муҳим қонунлар муҳокама қилинди. Унда қонунлар лойиҳалари юзасидан кенг кўламли фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни муҳокама қилинди. Таъкидланишича, 2024 йил якунида заргарлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 трлн сўмни ёки 5 тонна олтин ва 3 тонна кумушга етказилди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 115 фоиз ўсишни ташкил этади. Шунингдек, заргарлик маҳсулотлари экспорти 95 миллион долларга етказилиб, 120 фоизга ошган.

Қонун лойиҳаси заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини қимматбаҳо металлар билан таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. Мажлис иштирокчилари қонуннинг қабул қилиниши соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишини таъкидлашди.

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Тошкент шаҳрида тирбандлик муаммоси аҳоли учун долзарб масалага айланган. Охирги икки йилда автобуслар сони қарийб 2 мингга ошган ва автобуслар учун 181,2 км йўлаклар ташкил этилган. Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши жамоат транспортидан фойдаланишни самарали ташкил этишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Шунингдек, мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги лойиҳа муҳокама қилинди. Миллий гвардия 2017 йилда ташкил этилган ва 2020 йилда унинг мақоми белгиланган. Қонуннинг қабул қилиниши Миллий гвардия органларининг самарадорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қўмита мажлиси якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ушбу қонунлар меҳнат бозори, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва миллий хавфсизлик соҳаларида самарадорликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?