Сенат қўмитаси раиси Қашқадарёда бўлажак мутахассислар билан учрашди

02:06 30 Апрель 2022 Жамият
599 0

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти битирувчилари ҳамда магистрлари билан учрашди.

Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг жойларда учрашувлари доирасида ўтказилган мазкур тадбирда қўмита раиси Б. Тажиев аграр тармоқ учун етук кадрлар тайёрлашга ихтисослашган мазкур олий таълим муассасаси битирувчилари билан суҳбатда қишлоқ хўжалигида сув танқислиги шароитида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш, бу технологияларни янада такомиллаштиришда бугунги ёш олимлар олдида турган муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.

— Қашқадарёда сувнинг қадри жуда баланд, — дейди Б. Тажиев. — Чунки Амударёдан воҳа экин майдонларига сувни олиб келгунча жуда катта маблағ сарфланяпти. Буни деҳқону соҳибкорларимиз, фермеру кластер раҳбарлари яхши билишади ва шунинг учун сув тежаш технологияларини қўллаб, кам сув билан мўл ҳосил етиштиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу институтда тайёрланаётган аграр тармоқ мутахассислари ҳам деҳқонларга мададкор бўлиб, соҳага инновацион назар билан қараб, янги-янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий қилишлари талаб этилади.

Учрашув қизғин суҳбат ва мунозаралар руҳида ўтди. Битирувчи йигит-қизлар соҳа вакилидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер