Сенат қўмитаси мажлисида муҳим масалалар муҳокама этилди
Фото: Сирожиддин Воҳидов/"Халқ сўзи"
Жорий йилнинг 26 апрель куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳ.алла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йилнинг I чораги якуни бўйича бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Ҳукумат вакиллари томонидан Давлат дастурининг қўмита фаолиятига тааллуқли бандлари ижро ҳолати бўйича қисқача ахбороти эшитилди.
Хусусан, давлат дастуридаги археология объектларини муҳофаза қилишни ва илмий тадқиқот ўтказишни кучайтириш, Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва сақлашни доимий мониторинг қилишни йўлга қўйиш, бу борада замонавий технологиялардан фойдаланиш кучайтириш, маданий мерос объектларини реставрация қилишда чет эл давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш, Миллий маданиятни халқаро даражада оммалаштиришга қаратилган тадбирларни ҳудудларда ўтказишни жорий этиш каби масалалар борасида олиб борилган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Мажлисда навбатдаги Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ахборотини ҳам қизғин муҳокама этилди. Дастлаб Миллий комиссия ҳамраиси Алия Юнусованинг ахбороти эшитилди. Қўмита томонидан Болалар масалалари бўйича миллий ҳамда ҳудудий комиссиялар фаолиятини Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ўрганиш натижалари ҳақида қисқача ахборот берилди.
Таъкидланганидек, «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчаси ва “SOS” болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 392 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилгани натижасида 10 та «Меҳрибонлик» уйи, 4 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи фаолияти тугатилган.
Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини қисқартириш ва рақамлаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан mu.maktab.uz платформаси яратилган.
Муҳокамалар давомида айрим камчиликлар ҳам таъкидланди. Жумладан, Миллий комиссия томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси талаб даражасида бажарилмаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Назоратсиз ва қаровсиз қолган болаларни зудлик билан аниқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш, етим ва қаровсиз қолган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш тизимини соддалаштиришга қаратилган «Бола ҳимояси» ягона электрон ахборот тизими жорий этилмаган.
Туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шўбалари мутахассислари «Меҳр дафтари» платформасидан фойдаланиш кўникмасига эга эмаслиги оқибатида «Меҳр дафтари» тизимини ҳаётга татбиқ этиш ишлари етарли даражада ташкил қилинмаган.
Мажлисда яна бир муҳим масала –Сенатининг «Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида»ги СҚ-361-сонли Қарори ижроси юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги раҳбариятининг ахборотини эшитилди. Бу борада Агентлик томонидан олиб борилган амалий ишлар бўйича маълумот берилди.
Хусусан, Рейтинг баҳолашга доир маълумотларнинг марказлашган электрон тизимини жорий этиш бўйича yoshlarportali.uz – Ёшлар портали платформаси жорий қилинган.
Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ҳудудларни индикаторлар асосида рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рейтинг баҳолашда энг юқори натижа кўрсатган учта ҳудуд раҳбари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.
Ёшлар муаммоларини маҳаллабай механизми асосида тизимли бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини баҳолаб бориш мақсадида «Ёшлар дафтари» электрон платформаси ишга туширилган ва 8,4 миллиондан ортиқ ёшлар тўғрисидаги маълумотлар асосида «Ёшлар баланси» шакллантирилган, мавжуд 9 348 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти ташкил этилган.
Мажлисда Қарор ижроси борасидаги айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Агентликнинг қуйи тузилмалари томонидан индикаторлар асосидаги рейтинг баҳолашга доир маълумотлар умумлаштириш ишлари етарлича ташкил этилмаган.
Рейтинг тизимига масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани оқибатида ўзаро номутаносиб маълумотлар шаклланиб, ёшларга оид аниқ ва тўғри статистика юритилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳудудларда рейтинг тизими асосида туман ва шаҳарлар орасидан ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш ишлари якунига етказилмаган.
Мажлисда қонун ижроси ҳам муҳокама этилди. Хусусан, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарур етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Самарқанд вилоятидаги ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Дастлаб бу борада вилоятда кўпгина ишлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида вилоятдаги 1268 та умумтаълим мактабининг барчасига кенг полосали юқори тезликдаги интернет тармоғи алоқа линиялари ўтказилган ҳамда Education-1-2-3 махсус тарифлари бўйича интернет тармоғидан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Умумтаълим мактабларида вояга етмаганлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда зўровонлик, шавқатсизлик, гиёҳвандлик, экстремизм, терроризм, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш юзасидан 6 500 га яқин тарғибот тадбирлари ўтказилган. Уларга 322 000 нафарга яқин ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда 4 248 нафар ҳамкор ташкилот вакиллари жалб қилинган.
Вилоятда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида рўйхатдан ўтганлар сони 278 632 нафарни, битирувчи сертификатини қўлга киритганлар сони 102 895 нафарни ташкил этган.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг (IT Park) Самарқанд ҳудудий филиали, Ёшлар IT ва медиа маркази, Ёшлар технопарки ҳамда 29 та IT-компания фаолияти йўлга қўйилиб, шаҳар ва туманларда ташкил қилинган Рақамли технологиялар ўқув марказларида 2021 йилда 7931 нафар аҳоли ва ёшлар ўқитилиши таъминланган.
Соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлигига алоҳида урғу берилди.
Жумладан, Вилоятда амалга оширилган мониторинг тадбирлари натижасида “uz” доменидаги 72 та веб-сайтда болаларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик ва зўравонлик, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, «Одноклассники» ижтимоий тармоғида 14 та, “Instagram” мессенжерида 43 та, “Facebook” да 21 та, “Tik-tok«да 4 та, “Telegram” мессенжерида 44 та гуруҳда ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, гиёҳвандлик моддалари тарғиботи ҳамда фирибгарлик билан шуғулланиб келиш ҳолатлари аниқланган.
«Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларининг бузилиши юзасидан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаларига 2020 йилда 33 та, 2021 йилда 51 та, 2022 йилнинг биринчи чорагида 7 та тақдимнома, кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари чиқарилиб, тегишли чоралар қўлланган.
Вилоятдаги профилактик тадбирлар давомида порнографик маҳсулотлар сақлаган 26 нафар, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлаган 229 нафар ўқувчи рўйхати шакллантирилиб, жами 3400 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болаларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар олиб борилган ҳамда 835 нафар ўқувчининг ота-онаси маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мажлис сўнгида юқоридаги барча масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг