Сен барибир муқаддассан...

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Аёлга эҳтиром — жамиятнинг ўз келажаги, эртанги кунига муносабатининг кўзгуси. Бугун жамиятда гендер тенглиги таъминланганлиги, сўнгги йилларда парламент ёки маҳаллий Кенгашларда аёл депутатларимиз сафи мунтазам ошиб бораётгани ёхуд таълим ва соғлиқни сақлаш тизимимизда асосий таркиби хотин-қизлардан иборатлигини тилга оламиз. Бироқ ушбу далиллар жамиятнинг аёл, аёлнинг жамият олдидаги масъулиятини ўзида тўлиқ акс эттиради дейиш мушкул. Расман аёллар гендер тенглиги таъминланган бўлсада, биз юқорида таъкидлаган мезонларни ўзида ифода эта олмайди. Қайси сайёр қабулга борманг, мурожаатчиларнинг аксарияти аёллардан иборат.
— Турмуш ўртоғим оламдан ўтган, — дейди Навоий шаҳридаги «Ҳаёт» МФЙ, ал-Бухорий кўчаси 40-уйда истиқомат қилувчи Нигора Фармонова. — Икки нафар фарзандим бор. Кичигини боғчага жойлаштирсам, ишга кирмоқчиман. Агар имкони бўлса, иш ҳам топиб берсангизлар. Ўзим иш сўраб борган идораларда фарзандларингиз ёш, қийналиб қоласиз, деб қабул қилмаяпти.
Фарзанд дунёга келтириш, бола парвариши, рўзғорнинг кундалик ташвиш ва эҳтиёжлари аёлнинг имкониятларини бир қадар чеклаши, меҳнат бозорида у рақобатлаша олмаслиги бор гап. Бундай аёлни ишга қабул қилмаган иш берувчи мавжуд экан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни камситишнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ижтимоий фаоллигини ошириш йўлидаги тадбирлар, лойиҳалар, акциялар, турли ижтимоий дафтарлар, маъруза ва юзма-юз мулоқотларнинг жилд ва баённомалари қанчалик кўп бўлмасин, жамият тафаккури ҳам ислоҳга муҳтож эканини ифода этади.
Одатда расмий статистиканинг нохуш кўрсаткичлари аёл ва болаларга нисбатан, яъни жабрланганларнинг фалон фоизи аёллар ёки болалардан иборат каби кўринишларда олинади. Сабаби мазкур икки қатлами ўзгалар ёрдамга муҳтожлигидагина эмас, балки уларнинг бахт тўкислиги бир-бирига чамбарчас боғлиқлигидадир. Фарзандининг боғчага боришини таъминлай олган она боласи камолига қаратилган эътиборни ўзи учун энг юқори мукофот сифатида қабул қилади. Жамиятда ўз ўрни топиб, ундаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланади. Афсуски, юқоридаги мисол ягона бўлганида қаламга олишга арзимасди.
— Ёлғиз онаман, — дейди «Истиқлол» МФЙ ал-Бухорий 162-A уйда яшовчи Маҳбуба Абдурашидова. — Битта фарзандим бор. Ётоқхонага ариза берганман. «Аёллар дафтари»га ҳам, «Ёшлар дафтари»га ҳам киритишмаяпти. Рўйхатдан ўтган маҳаллангга мурожаат қил, дейишмоқда.
Очиғи, бундай ҳолатларда мутасаддиларни айблаш кўпам тўғримас. Сабаби, аёлларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатишнинг ҳам ўз тош-тарозиси, белгиланган низом ва қонун-қоидалари бор. Қолаверса, аксарият ҳолатларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва оилаларни аниқлашда инсон омили чегараланиб бормоқда. Биргина Навоий вилоятида ҳар бешинчи аёл маҳалла фаолларининг кўмаги билан ўзининг муаммоларига ечим топди. Тўғри, бу хамирдан қил суғургандек осон иш эмас.
Аёлга эҳтиром бу давлат ва жамият олдида бугунги замонавий аёлнинг масъулияти, вазифалари ортиб бораётганлигини ҳам ўзида ифода этади. Миллат оналари ўз ҳаётий позицияларини тўғри белгилаши бунда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, кенг фикрли, тафаккури тиниқ ва эътиқоди мустаҳкам фарзандни ҳар томонлама етук аёлгина тарбиялаб вояга етказа олади.
Навоий шаҳридаги Ғалаба маҳалласининг комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими Лола Улашова ҳамда маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида кўп қаватли уйлар оралаб навбатдаги манзилга борарканмиз, башанг кийинган ёшгина аёл тўхтатди.
— Мен ўзи маҳаллага бормоқчи эдим, — деди у Л. Улашовага мурожаат қилиб. — Опамнинг боғча ёшидаги қизи ва ўзимнинг ўғлим билан ижарада турамиз. Опам Россияда, жўнатган пули ижарамиздан ортмаяпти. Хуллас, ишга киришим керак.
Ўзаро суҳбатдан ойдинлашдики, аёл икки норасида билан ишга кириши мушкул, ўзи ҳам бунга астойдил жазман эмас. Асил мақсад ижара ҳақи учун маҳалладан моддий ёрдам ундириш. Асли Навбаҳор туманида туғилиб, ҳамон ўша ҳудудда рўйхатда қолаётган фуқаро Лола таклиф этган иш, ижтимоий дафтарларга киритиш масаласидаги тушунтиришларни беписандлик билан тинглаб, «Россияга қайтиб кетганим афзал», дея суҳбатга якун ясади. Ҳайратланарлиси, аёл суҳбат якунидан заррача тушкунликка тушмади.
— Ўзим ҳам турмуш ўртоғим ҳам пенционермиз, — дейди шу маҳалланинг фуқароси, ёши етмишлардан ошган онахон. — Ўн етти ёшли набирамиз фарзандли бўлди. Отасидан қўрқиб, бизникида яшаб турибди. Чақалоқ сунъий озиқлантирилади. Пенсиямизни етказолмай қийналяпмиз. Маҳаллага ёрдам сўраб чиқсак, набиранг ҳали 18 ёшга тўлмаган, моддий ёрдам берилмайди, бунинг устига чақалоқнинг оталиги ҳам белгиланмаган, дейишди.
Вилоятда ўтган йили судлар томонидан оталикни белгилаш бўйича 58 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 51 таси қаноатлантирилган. 7 тасига рад жавоблари берилган. Майли уларга мавриди келганда қайтармиз, ҳозир Истиқлол маҳалласининг Янги боғ кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Арзиқуловлар хонадонига кирайлик.
Ушбу хонадоннинг тўрт нафар аъзоси тўлов контракт асосида ОТМларида ўқийди. Оила бекаси Гулшан Арзиқулова Навоий Кончилик ва технологиялар университетини тамомлаётган бўлса, ўғли Ҳусан Арзиқулов шу таълим даргоҳининг 1-босқич талабаси. Акаси Ҳасан Арзиқулов Тошкент техника университетида таҳсил олади. Эгизакларнинг опаси Малика Рамазонова ҳам Навоий Кончилик ва технологиялар университетида ўқийди. Арзиқуловлар контракт тўловлари учун бир сўм ҳам таълим кредитлари олган эмас, деб бирор бир идорани безовта қилгани йўқ.
— Қўзиқорин етиштиришамиз, — дейди Ҳусан чамаси йигирма квадрат метрлик хонага бошлаб, — Ҳар сафар 1 миллион сўм тикиб олти миллион сўм даромад оламиз. Йил мобайнида шуни айлантириб, контракт тўлаймиз. Ўтган йили контрактлардан ортган даромадимизга 10 киловаттлик қуёш панели олдик. У ҳам ҳар ойда 800 минг сўм фойда бўлиб, оиламиз даромадига қўшилди.
— Кўп қаватли уйда ижара туриш бизга тўғри келмади, — дейди шу маҳалладаги ҳовлилардан бирида ижарада яшовчи Шоҳиста Барноева. — Биринчидан қимматроқ, иккинчидан фаолиятимиз қўшниларнинг оромини бузади.
Ш.Барноева икки фарзандни вояга етказаётган ёлғиз она. Бозордан уч турдаги ёнғоқ харид қилиб, фарзандлари билан чақиб, пўчоғидан ажратади. Кейин уларни ҳар килограммига 10-15 минг сўм фойдаси билан савдо нуқталарига тарқатиб чиқади. Айтишича, янги қурилаётган уйлардан ўз бошпанаси учун бошланғич тўловга маблағ йиғмоқда. Насиб этса, келгуси йил ўз уйимизга эга бўламиз, дейди у. Энг муҳими ниятлар улуғ, имкониятни ўзлари танлашган.
Биз юқорида бири-бирига ўхшамаган тақдирлар ва уларнинг соҳиблари дуч келаётган муаммолар, ечими йўлида жамият ва ўзларининг муносабати бўйича аниқ мисоллар келтирдик. Яхшиси ҳам, нохуши ҳам жузъий. Албатта, эртами кеч ҳар бир муаммо ўз ечимини топади. Энг муҳими бугун имкониятга муносиб, истак, рағбат ва интилишлар ҳам юзага чиқмоқда. Халқ тили билан айтганда, ўзидан тинчимаган аёл бугун ёлғиз эмас. Ҳурмат ва эътиборга ҳар доим эришилган. Мамлакатимизда аёлнинг нуфузини, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини, ҳуқуқ ва эркинликларини, она ва оила бекаси сифатида манфаатларини таъминлашга бел боғланган экан, унга ўзи муносиб бўлиш уларнинг ҳар биридан алоҳида масъулият, фарзандлар камоли йўлида ҳаловатдан кечишни тақозо этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг