Саудия Арабистонида ўтадиган Жаҳон чемпионатида алкоголь тақиқланди, аммо LGBTQIA+ вакилларига рухсат берилади

Саудия Арабистонининг Буюк Британиядаги элчиси, шаҳзода Холид бин Бандар Ал-Сауд мамлакат ҳукумати 2034 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати вақтида спиртли ичимликлар сотилишига рухсат бермаслиги ҳақида расман маълум қилди. Унга кўра, ҳукумат бу борада қонунларни ўзгартириш ниятида эмас ва турнир давомида ҳеч қандай истисно қилинмайди.
Элчи меҳмонлар Саудия Арабистонининг маданиятига ҳурмат билан ёндашиши кераклигини таъкидлаб, ҳатто меҳмонхоналар ичида ҳам алкоголь сотилмаслигини эслатиб ўтди. У Британиянинг LBC радиостанциясига берган интервьюсида: «Биз спиртли ичимликларни истеъмол қилишга рухсат бермаймиз. Ичмасдан ҳам ажойиб вақт ўтказиш мумкин. Агар турнирдан кейин ичишни истасангиз, бошқа жойга бориб ичинг, лекин ҳозирча бизда алкоголь йўқ», — дея баёнот берди.
Саудия Арабистонининг Жаҳон чемпионати мезбони сифатида танланиши аллақачон кўплаб тортишувларга сабаб бўлган эди. 2023 йил декабрь ойида ФИФА расмий равишда ушбу турнирни ўтказиш ҳуқуқини Саудия Арабистонига берган. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, «Amnesty International» мигрант ишчиларнинг эксплуатация қилиниши, уларнинг ҳаётига хавф туғилиши ва спортчилар ҳамда мухлислар учун қаттиқ чекловлар ўрнатилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Саудия Арабистонида LGBTQIA+ жамоаси вакилларига нисбатан дискриминация эҳтимоли ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мамлакат қонунчилигига кўра, бир жинсли шахслар ўртасидаги жинсий муносабат ўлим жазоси билан жазоланиши мумкин. Шу сабабли, элчидан Жаҳон чемпионати давомида LGBT мухлислар Саудия Арабистонига келиши мумкинми, деган савол берилганда, у қуйидагича жавоб берди: «Бу фақат Саудия Арабистонининг мусобақаси эмас, балки жаҳон даражасидаги турнирдир. Биз имкон қадар, келишни истаганларнинг барчасини кутиб олишга тайёрмиз».
Саудия Арабистонининг ушбу қарори аввал 2022 йилда Қатарда ўтказилган Жаҳон чемпионатида содир бўлган ҳолатни эслатмоқда. Ўшанда ФИФА стадионларда пиво сотишга рухсат берган эди, лекин турнир бошланишига икки кун қолганида, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ равишда бу қарор бекор қилинган. Натижада мухлислар фақат меҳмонхоналар ва махсус фан-зоналарда алкоголли ичимликлар харид қилиш имкониятига эга бўлишди. Бу эса пиво ишлаб чиқарувчи компанияга тахминан 40 миллион фунт стерлинг миқдорида компенсация тўлаш билан якунланган эди.
Саудия Арабистонининг ушбу қатъий қарори чемпионат давомида муҳлислар ва ҳомийлар орасида қандай қабул қилиниши номаълумлигича қолмоқда. ФИФА эса ҳозирча бу борада музокаралар олиб бориш режалари йўқлигини маълум қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг