“Сарчашма” олмалари хорижда ҳам харидоргир
Фото: “Халқ сўзи”
Сарчашма маҳалласи Деҳқонобод туманининг энг олис ва чекка аҳоли яшаш манзилларидан бири ҳисобланади. Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган бу ҳудуднинг мусаффо ҳавоси, зилол суви, унумдор тупроғи айниқса, боғдорчилик учун жуда қулай.
Меҳнаткаш, ташаббускор қишлоқ одамлари эса бу имкониятдан тўлақонли фойдаланмоқда. Аҳоли томорқасида ҳам, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер майдонларида ҳам шовуллаган боғларни учратасиз.
— Одамларимиз, айниқса, олма етиштиришнинг ҳадисини олган, — дейди Сарчашма маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Сайриддин Кўчимов. — Бугунги кунда фақат олманинг ўзидан 300 — 400 миллионлаб даромад топаётган оилаларимиз кўп.
Шу ерлик тажрибали боғбон Қурбонназар Норқобилов ҳам маҳалла аҳли олмадан яхши даромад топаётгани ва шунинг ортидан турмуши фаровон эканини таъкидлади.
— Ўзим қарийб 50 йилдан буён олма етиштириш билан шуғулланаман, — дейди у. — Ҳозир ўғлимнинг номига боғдорчилик фермер хўжалигини ташкил қилганмиз. Хўжалик тасарруфидаги 1,2 гектар 350 туп олма дарахтимиз бор. Ўтган йили 30 тоннадан ошиқ ҳосил олгандик. Бу йил янада кўпроғини чамалаб турибмиз.
Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг, айни вақтда бир кило сара олманинг ўртача улгуржи баҳоси 10 минг сўмдан кам эмас. Буни 30 тоннага кўпайтирсак, 300 миллион сўм маблағ, дегани. Бу фермер учун кам даромад эмас. Сарчашмалик оилаларнинг бугунги фаровон ҳаёти замирида ҳам уларнинг ана шу тадбиркорлиги, меҳнатлари ҳосиласи мужассам.
Маҳалла аҳлининг айтишича, маҳсулотни сотишда умуман муаммо йўқ. Ҳар йили ҳосил йиғими вақтида бу ерга кўплаб тадбиркорларнинг ўзлари келиб, олма сотиб олишади. Сўнг улар “Сарчашма” олмаларини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда хориж бозорларига етказиб беришади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг