Самолётнинг юртимиздаги илк парвози ҳақида биласизми?
Фото: Халқ сўзи
Ҳозирги кунда самолётнинг юзлаб тури мавжуд. Улар турли йўналишлар бўйлаб парвозларни амалга оширмоқда. Ҳарбий мақсадда ишлаб чиқарилаётган айрим учоқлар эса товуш тезлигидан ҳам учқур.
Самолётларнинг бугунги авлодига етиб келгунча инсониятга бир асрдан ортиқ вақт керак бўлди. Узоғимизни яқин қилаётган бу ҳаво кемаларининг илк «авлоди» ҳаво шарлари эканини биласиз, албатта. Россия империяси мустамлакаси йилларида (1867-1917йй.) «Туркистанский Курьер» газетасининг 1913 йил №105-сонида «Тоғларда парвоз этувчи ҳаво шарлари» мақоласи босилиб, унда 1908-1910 йилларда Европа шаҳарларида юзлаб ҳаво шарлари осмонда парвоз этганлиги, улардан одамлар узоқ йўлини яқин қилишда фойдаланилаётганлиги тўғрисида сўз борган. Ушбу мақолада 3 ва 5 кишилик шарлар табиат нохуш ҳодисалари (туман, булут, кучли бўронли шамол, қор кўчиши ва ҳоказолар) туфайли ҳалокатга учраётганлиги билан боғлиқ маълумотлар ҳам келтирилган.
Ҳаво шарлари ва илк самолётлар кашф этилганидан кўп ўтмай, улар Россия орқали Туркистонга ҳам олиб келинган. Мана, бир далил. «Бухорои Шариф» газетасининг 1912 йил 4 апрелдаги 21-сонида «Седов самолёти Тошкентда» номли мақола босилган. Мақолада келтирилишича, Тошкентда учувчи Седов ўз самолёти билан осмонга парвоз қилган. Ўшанда у билан бирга 3 эркак, 4 хотин-қиз ва юртимизга меҳмон бўлиб келган чет эллик ҳам ҳавога кўтарилишган. Тошкент осмонида «темир қанотли қуш»ни томоша қилиш учун юзлаб, минглаб одамлар кўчаларга чиқишган. Ҳақиқатан ҳам, бу ғайритабиий, аввал кузатилмаган томоша инсонларни ҳайратга солган. Биз Ўзбекистон Миллий архиви фондларидан (И-1 фонд) Туркистонда авиация тарихига оид битта йиғма жилд (папка)ни қўлга киритдик. Бироқ ушбу йиғма жилдда самолёт тарихига оид маълумотлар эмас, балки илк бор ясалган айрим самолётларнинг техник лойиҳалари берилган, холос. Айтмоқчи, маълумотларга кўра, Седов парвоз этган самолёт соатига 100-120 километр тезликда ҳаракат қилган.
Бухоро осмонида самолётларнинг дастлабки парвозлари 1920 йилнинг август-сентябрида, яъни Амир Олимхонни тахтдан ағдариш пайтида содир бўлган. Бироқ бу ҳарбий самолётлар эди. Улар ўз салонида 2-3 кишини сиғдира олган. Когондаги ҳарбий аэродромдан ҳавога кўтарилган бу самолётлар Бухорои Шарифни бомбардимон қилишдек даҳшатли, фожеавий ишда қўлланилган.
Совет ҳокимиятнинг дастлабки йилларида Туркистон минтақасида аввалига учта ҳокимият -Туркистон АССР (1917-1924 йй.), Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси (1920-1924 йй.) ташкил топганди. Улар орасида БХСР нисбатан моддий жиҳатдан қудратли эди. Шу боисдан ҳам 1922-1923 йилларда биргина Германияга ўқишга Туркистон АССРдан 14 нафар, ХХСРдан 2 нафар ўқувчи ва талаба юборилган бўлса, БХСРдан 56 нафар йигит-қиз юборилганди. Хорижнинг бошқа давлатлари (Туркия, Япония ва ҳоказо давлатлар)га ҳам БХСРдан 25 нафаргача ўқувчи ва талаба сафарбар этилганди. Иккинчидан, БХСРнинг Кавказ, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари (Германия)даги ваколатхоналари орқали нақд пул ёхуд қоракўл тери эвазига транспорт воситалари сотиб олиш учун амалий ҳаракатлар бўлганини манбалар тасдиқлайди.
БХСРда ҳаво флоти ташкил этиш ва Бухоро «Добролёт» («Кўнгилли учувчилар») амалиётини ташкил қилиш ҳаракати 1921 йилнинг охиридан бошланган. Бу йўналишда 1922-1923 йилларда «Ҳаво флотига ёрдам комиссияси», «Қизил ҳаво флоти ячейкаси», «Ҳаво тайёраси жамияти», «Ҳаво тайёрасининг ёш дўстлари», «Ҳаво флоти дўстларига кўмак жамияти», «Нифат», «Ихтиёрий ҳаво флоти ширкати» каби бир қатор уюшмалар ташкил этилган. «Добролёт»нинг Бухоро бўлими бошлиқлигига БХСР Халқ Хўжалиги Кенгаши раиси А. Муҳиддинов (1892-1934 йй.) сайланган. Файзулла Хўжаев «Марказ» билан музокаралар олиб бориб, 1923 йилда Москвага олиб келинган 20 та «Юнкерс-А», «Юнкерс-Б» маркали герман фуқаро самолётларининг 4 тасини Бухорога беришни сўраган, ХХСРга эса уларнинг 2 таси ажратилиши керак эди. Бухоро-Хива, Бухоро-Тошкент, Бухоро-Душанбе, Бухоро-Термиз, Бухоро-Москва йўналишларида самолётлар қатновини йўлга қўйиш учун 35 миллион олтин сўм ажратилган. (Ўзбекистон Миллий Архиви, (ЎМА), Р-49-фонд, 1-рўйхат,5- йиғма жилд, 17-18-19-20-21 варақлар), ЎМА, Р-75-фонд, 1-рўйхат, 17-йиғма жилд, 31-32 варақлар)
1923 йилнинг октябрида «Юнкерс-Б» маркали тўртта самолёт Бухорога келтирилган. Ушбу самолётлар 6-8 йўловчини сиғдира олган, тезлиги соатига 160-200 километрни ташкил этган. Бухоро-Хива йўналишида учиш нархи 150 рубль (учиш вақти 2 соату 15 минут), Бухоро-Душанбе йўналиши учун 155 рубль (учиш вақти 2 соату 20 минут) эканлиги архив манбаларида қайд этилган. Бироқ ушбу самолётларнинг техник ҳолати ҳақида маълумотлар бериб ўтилар экан, улар мотори 85 от кучига эга бўлиб, сиғими кичкиналиги, учувчи ўриндиғи барча қулайликларга эга эмаслиги каби нуқсонлар ҳам қайд этилган (ЎМА, Р-53 фонд, 1-рўйхат, 52- йиғма жилд, 39-40-41-варақлар, ЎМА, Р- 58-фонд, 1-рўйхат, 130- йиғма жилд, 31-32-варақлар).
Хуллас, 1923 йил октябридан Бухорода фуқаро авиацияси қатнови йўлга қўйилгани манбалар орқали аён бўлади.
Самолётлар парвози учун аэропорт қуриш зарур эди, албатта. Ҳужжатларда БХСР Нозирлар Шўроси раисининг ўринбосари Отабоев ва БХСР Иқтисодий Кенгаши раиси А. Муҳитдиновга «Марказ»дан йўлланган хатлардан бирида (Хат 1923 йил 21 октябрда йўлланган) бу ҳақида маълумот берилган. Ўрта Осиё «Добролёт» бўлими комиссияси аъзолари Малюга, Пашков, Кучковлар Бухорода хизмат сафарида бўлишган. Бухоро-Хива (Чоржўй орқали) ҳаво йўлини очиш зарурлигини инобатга олиб, улар аэродром қуриш учун жой танлайдилар. БХСР ҳукумати аъзолари билан ўзаро келишув асосида «Ҳоким Ойим» ер майдони (ҳозирги Бухоро эски аэропорти) маъқул топилади. Бу ер майдони 75 таноб бўлиб, Юсуфбой деган кишининг боғи қаршисида эди. Аэропорт қуриш ишларига шахсан Файзулла Хўжаев раҳбарлик қилди ва унинг очилишида тантанали нутқ сўзлади (ЎМА, Р-48 фонд, 1-рўйхат 169-йиғма жилд, 21-22 варақ)
Шу тариқа Бухорода фуқаро авиацияси пойдевори қўйилади. Бинобарин, юқоридагилардан келиб чиқиб, «Бухоро» халқаро аэропортига ўзбек халқининг фидойи фарзанди, истиқлол курашчиси Файзулла Хўжаев номи берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 20 декабрида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолияти ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби эканлигини алоҳида таъкидлади. Файзулла Хўжаевнинг серқирра фаолияти келажак авлод учун ана шундай мактаб эканига эса шак-шубҳа йўқ!
Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети
Жаҳон тарихи кафедраси профессори,
тарих фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг