СамДУ ва Япониянинг Тоттори университети олимлари фермер ва томорқа ер эгалари учун дала семинари ташкил этди
Самарқанд давлат университети (СамДУ) ва Япониянинг Тоттори университети олимларининг ташаббуси билан қурғоқчилик ва шўрга чидамли ноанъанавий экинларни етиштириш, улардан кундалик эҳтиёж учун фойдаланиш бўйича фермер ҳамда томорқа ер эгалари учун дала семинари ташкил этилди.
Мазкур дала семинари Тоттори университетининг Қишлоқ хўжалиги факултети ва СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик доирасида амалга оширилди.
Тадбир Тайлоқ туманидаги “Туроб бобо” фермер хўжалигида ўтказилди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Хўжамуродов, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Шерзод Ҳайдаров, Тоттори университетининг Қишлоқ хўжалиги факултети декани профессор Акаши Киня ҳамда Тоттори университетининг СамДУдаги ваколатхонаси раҳбари, профессор Кристина Тодерич иштирок этди. Шунингдек, семинарда тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маҳалла раисларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари қатнашди.

Семинарда ноанъанавий экинлар ҳосилидан озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш усуллари билан таништириш учун Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнология институти доцентлари Зулфия Султонова ва Гулмира Абдиева ҳам маъруза қилдилар. Асосий эътибор экинларнинг янги ноанъанавий навларини ўзига хос иқлим мослаштириш жараёнида замонавий ёндашувларни жорий этиш, шўрланиш ва қурғоқчиликка бардошли ноанъанавий экинларни фермер хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштириш тажрибасини оммалаштиришга асосий қаратилди. Иштирокчиларга ноанъанавий экинлар, жумладан амарант, магар, киноя, оқ жўхори ва бошқа экинларнинг афзалликлари ва уларни етиштириш агротехникаси бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинарда Тоттори университети ҳамда Самарқанд давлат университети талабалари ноанъанавий экинлар устида ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқотлар юзасидан маърузалар билан иштирок этишди.
Семинар давомида “Туроб бобо” фермер хўжалиги раиси, доцент Рустам Раҳимов ноанъанавий экинларни етиштириш технологияси, органик маҳсулот етиштириш тажрибаси, замонавий агротехнологияларни қўллаш усуллари ва маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан иштирокчиларни таништирди. Тумандаги деҳқон ва томорқа хўжалиги эгаларини сердаромад, доривор хусусиятга эга малина, смородина, сарсабил каби экинлар кўчатлари билан бепул таъминлаб бериш имкониятлари мавжудлигини таъкидлаб, ушбу экинларнинг кўчатлари билан таништирди.
Семинар якунида Самарқанд давлат университети олимлари томонидан тайёрланган “Фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларида сердаромад сабзавот экинларини етиштириш бўйича тавсиялар” ҳамда “Фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларида малина ва смородина етиштириш бўйича тавсиялар” номли услубий қўлланмалар семинар иштирокчиларига тарқатилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг