“Самарқандни кўришни бир умр орзу қилганман...”
Самарқанд дунёнинг энг йирик маданият-маърифат, фан, адабиёт ва сиёсий мулоқотлар марказига айланмоқда. Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарга келувчи хорижий сайёҳлар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётгани эса Самарқанднинг инсон умри давомида бир марта бўлса-да бориб кўриши шарт бўлган шаҳарлар қаторида киритилганини яна бир тасдиғидир. Биргина мисол, малайзиялик сайёҳ Муҳаммад Фарид Шаҳран эътироф этганидек, шаҳар зиёрат қилишга ва завқланишга арзийди, диди нозик ҳар қандай инсонни ҳайратлантиради.
— Самарқанднинг нақадар гўзал шаҳар эканлигидан жуда ҳайратдаман, дейди Шаҳран. — Мен учун бу қадим шаҳарда бўлиш ҳаётимдаги энг ёрқин воқеа бўлиб қолади. Улуғ аллома Имом Абу Мансур Мотуридийнинг киндик қони тўкилган заминни кўриш, унинг қабрини тавоф қилишни кўпдан буён орзу қилардим. Бугун ана шу орзуйим амалга ошганидан жуда ҳам мамнунман. Азим Самарқанд бўйлаб Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганимиз менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, улуғларнинг хотирасини ёд олганимиз руҳимизга поклик бағишлади.
Ҳақиқатда, Самарқанднинг бой туристик объектларини кўриш мақсадида вилоятга 2025 йилнинг 6 ойида 1,5 млн. нафар хорижий, 3 млн. нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хорижий сайёҳлар бўйича 146 фоизни, маҳаллий сайёҳлар бўйича 182 фоизни ташкил этди.
—2024 йилда туризм хизматлари экспорти 537 млн. долларни ташкил этиб, туристларнинг ўртача қолиш куни 3 кунга узайди,— дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов. —Бугунги кунда Самарқанд вилоятида хорижий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 740 та жойлаштириш воситалари, жумладан 184 та меҳмонхона, 421 та оилавий меҳмон уйи, 135 та хостел фаолият кўрсатмоқда.
Айни кунларда дунё эътиборига тушган халқаро сайёҳлик мажмуаси одамлар билан гавжум. Айниқса, кечки пайт минглаб юртдошларимиз, шунингдек, хорижлик сайёҳлар ҳудуддаги “Боқий шаҳар” мажмуаси ва мусиқали фавворани томоша қилишга келишади.

— Наманган вилоятининг Учқўрғон туманиданман, — дейди Лолахон Исматуллаева. — Самарқанддаги туризм марказини томоша қилиш учун оиламиз билан атайлаб келдик. Жуда чиройли дам олиш маскани бўлибди. “Боқий шаҳар” мажмуасини томоша қилсангиз, нафақат бутун Самарқанд шаҳрини, юртимизни айланиб чиққандек бўласиз. Айниқса, кечки пайт бу ҳудудни пиёда кезган киши ўзини туризм соҳаси ривожланган мамлакатларнинг гўзал шаҳарларида юргандек ҳис қилади.
Вилоятдаги туризм салоҳияти юқори ва инфратузилмаси мавжуд бўлган жами 14 та қишлоқ ва маҳаллаларга “туризм қишлоғи” мақомини бериш ишлари давом этмоқда. 2025 йил давомида Нуробод туманининг Оқсой, Самарқанд туманининг Янгижой, Ургут туманининг Омонқўтон ва Терсак маҳалларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди.
— Йил охиригача вилоятга 3 миллион нафар хорижий ва 5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлари экспортини 550 млн. АҚШ долларига етказиш режалаштирилган, — дея фикрини давом эттиради Жўрабек Суюнов. — Шу билан бирга, қиймати 2 триллион 63 миллиард 290 миллион сўмлик 30 та лойиҳа, жумладан, 10 та меҳмонхона, 15 та овқатланиш ва дам олиш масканлари, 3 та савдо ва кўнгилочар маркази, 2 та санаторий ва соғломлаштириш маркази лойиҳалари ишга туширилади.

Бундан ташқари, жорий йилда Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади. Сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилиши белгиланган бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллик юбилейига тўғри келгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Дунё эътибори Самарқандга қаратилган шундай кезларда хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларидан тортиб, гид-таржимонларгача, ҳатто барча юртдошларимиз миллийлигимиз, маданиятимиз ва меҳмондўстлигимизни астойдил намоён этиб, мамлакатимизнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшади, деб ишонамиз.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг