Самарқандлик мактаб ўқувчилари Жанубий Кореяда ўқиш имкониятини қўлга киритди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Таълим чегара билмайди. Бугунги кунда халқаро миқёсда юқори сифатли билим олиш имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Жанубий Кореядаги «Gimcheon High School» ва Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ўртасида 2024 йили ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.
Мазкур меморандумда белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида SIUT ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларига Жанубий Кореяда ўқиш имкониятини берувчи танлов ташкил қилинди. 30 дан ортиқ талабгорлар орасидан IQ (зеҳн тести) бўйича юқори натижаларни қайд этган 5 нафар иқтидорли ўқувчи махсус грантга сазовор бўлди. Бу ўқувчилар учун 2024 йилнинг июль ойидан 2025 йилнинг февралига қадар Самарқанд халқаро технология университетида математика, корейс ва инглиз тиллари бўйича бепул тайёрлов дастури ташкил этилди ҳамда грант доирасида уларнинг яшаши ва моддий таъминоти тўлиқ қопланди.
SIUTда таҳсил олган беш ўқувчидан уч нафари 27 февраль куни Жанубий Кореяга жўнаб кетади ва 1 мартдан бошлаб «Gimcheon High School» мактабида ўқишини давом эттиради. Қолган икки нафар ўқувчи эса сентябрь ойидан таҳсилни ушбу мактабда бошлайди.

Жорий йилнинг 21 февраль куни Жанубий Кореянинг «Gimcheon High School» мактаби делегацияси Самарқандга ташриф буюрди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ушбу мактаб маъмурияти вакиллари билан учрашди. Мулоқот жараёнида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ришталари, икки халқнинг маданияти, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги, таълим соҳасидаги бугунги ҳамкорлик ҳақида сўз юритилди.
Учрашув якунида 5 нафар ўқувчига «Gimcheon High School» мактабида ўқиш ҳуқуқини тасдиқловчи сертификатлар топширилди. Бу, шубҳасиз, ёшларимизга келажакдаги муваффақиятли фаолияти учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишига замин ҳозирлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг