Самарқандга 300 дан ортиқ электробус олиб келинади

13:24 30 Июль 2025 Жамият
167 0

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ва “Самарқандйўловчитранс” давлат муассасаси раҳбарлари Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари чоғида Ченжоу шаҳри саноат ҳудудидаги “Yutong” заводида автобус ва электробусларни ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

“Yutong” компанияси масъуллари билан ўтказилган мулоқотда Самарқанд шаҳридаги йўналишларда аҳолига хизмат кўрсатаётган электробусларда аниқланган айрим техник муаммоларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ушбу транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш ва уларга сервис хизматлари кўрсатиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Самарқандга дастлабки босқичда 80 дона, кейинчалик эса 250 дона электробус харид қилиш юзасидан фикр алмашилди.

“Самарқандйўловчитранс” давлат муассасаси директори Отабек Абдуллаевнинг қайд этишича, айни пайтда Самарқанд шаҳар жамоат транспортида ЕТТБнинг “Яшил шаҳар” лойиҳаси асосида харид қилинган 100 дона “Yutong” электробусларидан фойдаланилмоқда.

Мулоқот давомида “Yutong” заводи раҳбарияти ҳамкорликка доимо тайёрлиги, Самарқанд шаҳри учун ҳудуд шароитидан келиб чиқиб электробуслар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишда ҳам техник кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер