Самарқандда Туркий дунё тиббиёт конгресси бўлиб ўтмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари билан бирга Татаристон соғлиқни сақлаш вазири ҳам иштирок этди.
Конгрессда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, анжуман қатнашчиларини табриклади.
Тадбирдан кўзланган мақсад туркий халқлар табобатининг ноёб мероси, бой тажрибаси ва тарихий анъаналарини ўрганиш баробарида, замонавий ва инновацион тиббиёт ютуқларидан биргаликда фойдаланиш ҳамда уларни кенг оммалаштиришга қаратилгандир.
Анжуманда Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазири Теймур Мусаев сўзга чиқиб, Туркий давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2023 йил Туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган Шуша шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Шунингдек, тадбирда Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Тилек Мамадалиев ҳамда Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Марсел Миннуллин сўзга чиқиб, ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Тадбир давомида Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ҳамда Конгрессда иштирок этган барча вазирлар “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Дастур кун тартибидан ўрин олган нуфузли тадбир Ўзбекистон-Туркия тиббиёт форуми бўлди. Унда ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари, тиббиёт олий ўқув юртлари, етакчи даволаш-профилактика муассасалари, хусусий клиникалар, фармацевтика компаниялари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳамда Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа кириш сўзи билан очди. Қайд этилганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ўзаро қардошлик ва ишонч руҳига асосланган. Икки давлат раҳбарининг биргаликдаги сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда ўзаро муносабатлар бутунлай янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида амалдаги меморандум мавжуд. Унга мувофиқ, 2019 йил декабрь ва 2022 йил март ойларида Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа Ўзбекистонга ташриф буюрди, 2019 йилда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари бўйича биринчи Ўзбекистон — Туркия форуми бўлиб ўтди.
Якунда икки давлат тиббиёт муассасалари, соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ва уларнинг клиникалари, хусусий сектор корхоналари ва фармацевтика компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилиб, меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томони Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қардош давлатлар тиббиёт олий таълим муассасалари алоқаларини янада жонлантириш, Туркий тиббиёт олий таълим муассасалари ассоциацияси тузиш, ташкилотга аъзо давлатларнинг тиббиёт соҳасида берилган дипломлари ўзаро тан олинишини таъминлаш, Туркий давлатлар тиббиёт форумини ўтказиш билан боғлиқ таклифларни илгари сурди.
Шунингдек, халқаро анжуман доирасида тиббиёт кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Анжуман 17 август куни ўз ишини давом эттиради.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг