Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар таълим вазирларининг йиғилиши ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Шу йилнинг 13-14 июни кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирларининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон фан ва таълим вазирликлари делегациялари иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи куни таълим вазирликлари масъул ходимлари учрашиб, йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ўзаро фикр алмашишди. Бевосита вазирлар ўртасида муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ учрашувида келгусидаги қатор вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли хулосалар билдирилди.
14 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда масъуллар ҳар бир иштирокчи давлатда таълимни ривожлантириш истиқболларига бағишланган таклифларни илгари суришди.
Хусусан, Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова томонидан учта ташаббус илгари сурилди. Булар Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, қардош давлатлар мактаблар дастурларини батафсил концепцияси ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, аъзо давлатлар ўқувчи талабалари ўртасида халқаро Ал-Хоразмий ёш математиклар олимпиадасини ўтказишдан иборатдир.
Ўз навбатида йиғилишда келгуси йил ушбу Халқаро олимпиадани Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, йиғилишда Олий таълим муассасалари ўртасидаги Орхун алмашинув дастурининг ҳозирги ҳолати, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тармоқли университет таъсис этиш ҳамда кейинги йили мазкур тадбирга раислик қилувчи томон ва ўтказиш жойини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳар бир мавзу бўйича ўз муносабати ва фикрини билдирди. Ўзбекистон делегацияси таклиф этган барча ташаббуслар маъқулланиб, йиғилиш иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
— Биз кеча ва бугунги учрашувлар доирасида Туркий давлатлар ўртасида мактабгача, мактаб ва олий таълим соҳаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик, — дейди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев. — Унда таълим вазирлари махсус дастурларни ишлаб чиқади. Олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, нуфузли олимпиадалар ўтказиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишиб олинди.
Туркий давлатлар ташкилоти таълим вазирларининг йиғилишидан сўнг меҳмонлар Самарқанддаги Президент мактаби, 48-мактабгача таълим ташкилоти, Самарқанд давлат университетига ташриф буюришди. Шунингдек, “Боқий шаҳар” мажмуаси билан танишишди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг