Самарқандда таълим соҳасида Сингапур тажрибаси қўлланилади

11:29 09 Август 2024 Жамият
156 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказида Сингапурнинг Marshall Cavendish Edication ташкилоти билан ҳамкорликда «Муваффақиятли ислоҳотлар юқори натижалар» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир Сингапур тажрибаси асосида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантириш, илғор тажрибалар билан таништириш, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Уни Тошкент шаҳрида малака ошириб келган 25 нафар мураббий олиб борди. Семинар-тренингда 50 нафар мактаб директори, 50 нафар аниқ фанлар ва 80 нафар табиий фанлар ўқитувчиларининг халқаро таълим дастурлари асосида малакаси оширилди.

— Янги ўқув йилидан Сингапур тажрибаси мактабларда қўлланилади, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Жўрабек Эшмуродов. — Масалан, ўқитувчининг дарс таҳлилида ўқувчини хато ва камчиликлари методик йўл билан тушунтирилади. Ёки мактаб директорлари ўқитувчи ва ўқувчиларга фақат раҳбар эмас, ҳар бир ходим ва ўқувчи билан дўстона самимий мулоқот қилади.

Семинар-тренинг давомида «Замонавий таълимнинг тузилиши», «Сингапур таълим тизимининг самарали томонлари», «Истиқболли ўқув дастури», «Менинг мактабим учун XXI аср натижаларини аниқлаш» ва бошқа мавзуларда маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

Ушбу жараён 19-24 август кунлари туман (шаҳар)лардаги 16 та таянч мактабларида каскад усулида давом эттирилиб, 3816 нафар педагоглар мастер-тренерлар томонидан ўқитилади.

Бунда мактабларда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, каскад усулида аниқ ва табиий фанлар йўналишида фаолият юритувчи педагогларнинг малакасини ошириш, мактаб директорлари томонидан бошқарув тизимини яхшилаш, халқаро тажрибалар асосида табиий ва математика фанлари бўйича ўқувчиларнинг билимларини сунъий интеллектга асосланган рақамли таълим платформаси орқали баҳолаш асосий мақсад қилиб олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер