Самарқандда «Шарқ тароналари» янграйди

13:08 26 Август 2024 Жамият
69 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». ЮНEСКО шафелигида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда Самарқандда ўтказиб келинаётган анъанавий «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бу йил ўн учинчи марта мусиқа ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилади.

Бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 300 нафардан зиёд вакил иштирок этиши кутиляпти. Профессионал даражадаги халқ мусиқаси йўналишида Тошкент шаҳридаги «Мақом бенд» жамоаси ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестри қошидаги миллий мумтоз ансамбли, халқ қўшиғи йўналишида навоийлик Шерзод Мардонов, замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа йўналишида най созида Тоштемур Шукруллаев ҳамда бухоролик Гулчирой Бахшиллоева ушбу санъат фестивалида Ватанимиз номидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритган.

Бугун фестивалнинг расмий очилиш тадбиридан кейин, 27, 28, 29 август кунлари халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг кўрик-танловда чиқишлари намойиши кўзда тутилган. Уларнинг дастурлари халқаро ҳайъат томонидан профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади. 30 август куни фестиваль ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида концерт дастури намойиш этилади.

Шунингдек, 27-28 август кунлари фестиваль доирасида «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда мусиқашунослар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчи-докторант ва магистрантлар иштирок этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, конференция одатдагидек ялпи мажлисдан иборат бўлмайди. Уч шўбага бўлинган ҳолда миллий қўшиқлар, мақом намуналари ижро этилади. Бундан ташқари, конференция доирасида илк бор Туркий давлатлар ташкилоти қошидаги Турк дунёси санъат ва мусиқа университетлари иттифоқининг йиғилиши ўтказилади ва ушбу университетлар ректорлари Самарқандга келиши кутилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнада танловда иштирок этиш билан бирга Самарқанд шаҳри ва Самарқанд, Паяриқ, Оқдарё, Тойлоқ, Пастдарғом туманларидаги театрлар, маданият ва истироҳат боғларида концерт дастурларини намойиш этади.

Фестивални нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг барча қитъалари бўйлаб кенг ёритиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун 120 ўринли «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази ташкил қилинди.

— Матбуот марказида 80 та компьютер ва принтер ўрнатилган, улар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган, — дейди Маданият вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими Орифжон Файзиев. — Шунингдек, матбуот маркази томонидан Wi-Fi интернет тармоғи ҳавола ҳамда бўлиб ўтаётган тадбирлардан олинган расм ва видео маълумотларни ўзида жамловчи (QR-код) база ташкил этилган.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерларга матбуот марказида фестиваль доирасида Регистон майдонида бўлиб ўтаётган барча тадбирларни катта Led-экран орқали online режимида кузатиб туриш имконияти ҳам яратилди.

«Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивалини ёритиш учун хориждан ҳозиргача 50 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, республикамизнинг 70 нафардан зиёд журналистлари, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги барча оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар халқаро мусиқа фестивали доирасидаги хабарларни ўз ахборот ресурслари орқали тарқатиш учун ушбу матбуот марказида фаолият олиб боради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?