Самарқандда «Қорақалпоқ адабиёти кунлари» бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилоятида икки кун давом этган «Қорақалпоқ адабиёти кунлари» тадбирлари икки халқ ижодиётининг ёрқин ифодаси сифатида ўзаро аҳиллик ва меҳр-муҳаббат, оға-иничилик ришталари ғоят мустаҳкам эканлигини кўрсатди.
Халқларимизнинг азалдан бир бутунлиги, дўстлиги қадимий достонларимиздан ҳам маълум. Биздаги «Алпомиш», «Шаҳриёр», «Гўрўғли», «Ғариб Ошиқ» достонлари қорақалпоқларда ҳам кенг тарқалган.
Ўзбеклар қорақалпоқ халқининг «Едиге», «Қублон», «Қирқ қиз» достонларини севиб ўқишади. Адабиётимизнинг улуғ салафлари ҳам дўстлик ва ижодий ҳамкорлик, борди-келди, тўй-томошаларни ўрнига қўйган. Ёш авлод маънавиятининг юксалишига хизмат қилган.
Самарқандда ўтган Қорақалпоқ адабиёти кунлари муносабати билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов бошчилигидаги 14 нафар таниқли ёзувчи, шоирларнинг Самарқандга келиши катта адабиёт ва шеърият байрамига айлаб кетди.
Меҳмонларни темирйўл вокзалида Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва шоир, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, вилоят ҳокимнинг ўринбосари Р.Қобилов ҳамда вилоятимиз ижодкорлари кутиб олди. Қардош халқ ижодкорларининг янгиланиб бораётган Самарқанд билан танишуви қадимий обида – Ҳазрати Хизр мажмуасидан бошланди. Бу ерда меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаб, қабрига гулдасталар қўйди.
Самарқанднинг замонавий халқаро аэропорти меҳмонларда ўзига хос таассурот уйғотди. Президентимиз таъбири билан айтганда «турли ғоялар ва илм доимо қайнаб турган» манзилнинг ҳаво дарвозасида элимиз нон қадар эъзозлайдиган китоб шакли, унинг том қисмида буюк астроном Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» китобидаги юлдузлар харитаси акс этгани, бинонинг халқаро андоза ва талаблар асосида қурилгани, йўловчилар учун яратилган шароитлардан меҳмонлар мамнун бўлди.
Мирзо Улуғбек расадхонаси, музейидаги тарихий ашёлар, расадхонанинг кўриниши улардаги аждодларимиз заковати, дунёни англаш йўлидаги улуғ кашфиётлар, сирли олам мўъжизалари уларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар яна бир қадамжо — Хўжа Дониёр мажмуасини ҳам зиёрат қилиб, қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.
Қорақалпоғистонлик ижодкорлар вилоят Матбуот уйида ҳам бўлиб, миллий матбуотимиз, матбаачилик ишлари тарихи, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник», «Овози Самарқанд» газеталари таҳририятларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди, таҳририятлар ходимлари билан ижодий мулоқот қилди.
Бугун куҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари авжида. Янги Ўзбекистоннинг янги марраларига биргина шу шаҳарда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Ижодкорлар кечга яқин тунги Самарқанднинг ёруғ ва обод кўчалари, хиёбонларида сайр қилди. «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида бўлиб, «Боқий шаҳар» мажмуасини томоша қилди. Улкан фавворалар, меъморчиликнинг ёрқин намуналари, сўлим боғлар уларга илҳом ва мавзу берди. Қалбларда янгича рағбат уйғотди.
Вилоят ёшлар марказида Қорақалпоқ адабиёти кунларининг очилиш маросими бўлди. 600 нафарга яқин шеърият мухлислари, ижод аҳли ва ёшлар иштирок этган анжуманни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид очиб, тадбир қатнашчиларини қизғин табриклади. Ўзбек-қорақалпоқ адабиёти салафлари, ўзаро дўстлик, ижодий ҳамкорлик натижалари, ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида батафсил тўхталди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов икки халқ адабиётининг узвий ришталари, адабий алоқаларнинг бугунги жараёнлари ҳақида сўзлади.
Қорақалпоқ адабиёти кунлари тадбири қизғин мушоирага айланиб кетди. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, шоир Ғайрат Мажид, «Амударё» журналининг бош муҳаррири, шоирлар Халила Давлатназаров, Соғиндиқ Эгамбердиев, Ўразбой Сатбоев, Ўмирбой Ўтаулиев, вилоят ижодкорларидан Жумагул Суванова, Ёрмамат Рустамов ва бошқалар адабиётнинг қудрати, бугунги кундаги ўрни ва роли, айниқса, адабиётни ёшлар тўлиқ ўрганиши нечоғлик муҳимлигини таъкидлаб икки халқ дўстлиги, туташ томирларимиз, юксак марраларимиз ҳақида ёзилган шеърларидан ўқиб берди. Адабий анжуманда иштирок этган адабиёт муаллимлари, талаба ёшлар, маънавиятчилар чинакам адабиёт сабоғини олдилар.
— Самарқандда ижодкорларга берилаётган эътибор, маънавий ҳаёт ва ижодий жараёнлардан хабардорман, — дейди Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов. — Буни Республика ва вилоят миқёсидаги ижодий учрашув ва мулоқотлар, турли адабий тадбирлар шукуҳидан билиш мумкин. Уюшма аъзоларининг сони янада ошаётгани, китоб тақдимотлари бундан дарак беради. Самарқандга ташрифимиз, дийдорлашувдан жуда хурсандман. Ҳозирда нафақат адабий алоқалар, балки Нукус туманидаги бунёдкорлик ва ободончилик ишларида самарқандликлар биз қорақалпоқларга яқиндан кўмак бериб келаётгани, бирдамлигимиз ҳамда дўстлигимизни янада мустаҳкамлайди.
Икки қардош халқ адиблари мулоқоти ва мушоирасидан сўнг Қорақалпоқ халқ ёзувчиси Шарап Уснатдиновнинг «Иброҳим Юсупов» роман-эссеси тақдимоти ҳам ўтказилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон муаллифнинг ҳаёт йўли ва ижоди, китобда қаламга олинган воқеалар, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Юсуповнинг ижоди ҳақида самарқандликларга сўзлаб берди. Халқ шоирининг қорақалпоқ ва ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссаси алоҳида тилга олинди.
Самарқанд шаҳридан бошланган Қорақалпоқ адабиёти кунлари тадбирлари вилоятнинг Оқдарё, Ургут, Булунғур, Жомбой, Иштихон каби туманларида давом этди. Ҳар бир тумандаги маҳалла ва таълим муассасаларида ташкил этилган тадбирларда 3 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар туманларда икки халқ ижодкорлари, халқимиз турмуш тарзи, эришаётган ютуқлари, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш билан бирга, таълим муассасаларида ёшлар, аҳоли ва ижод аҳли билан қизғин адабий кечаларда ҳамсуҳбат бўлди. Қорақалпоқча шеър ва ўланлар ижро этилди. Чекка туманлар ва маҳаллардаги янги номлар, жарангдор овозларни кашф этишди. Ўзларининг китобларини совға қилишди.
Қорақалпоқ адабиёти кунлари Самарқанд шаҳридаги «Нурафшон» маданият саройида мушоира, қизғин таассуротлар изҳори ва вилоят ва қорақалпоқ ижодкорларининг дилтортар ашулалари ижро этилган концерт дастури билан якунланди.
Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг