Самарқандда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди
Мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида фидойи меҳнат қилиб келаётган соҳа вакиллари иштирок этди.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Адиз Бобоев қатнашиб, аграр соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади ҳамда уларнинг юрт иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишга эришилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоятда 825 минг тонна ғалла, 265 минг тоннадан ортиқ пахта, 1 миллион 700 минг тонна сабзавот, 3 минг 900 тонна пилла, 349 минг тонна гўшт ҳамда 1 миллион 500 минг тонна сут етиштирилди.
— Вилоятда илғор интенсив агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига гектаридан ўртача 44,2 центнердан пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12,7 центнерга юқори, — деди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бегзод Тугалов. — Айрим туманларда фермер хўжаликлари гектаридан 74,5 центнергача ҳосил олди.

Пахта теримини тўлиқ механизация қилиш мақсадида жорий йилда Хитойдан 74 дона юқори унумли пахта териш машиналари олиб келинди. Натижада 162 минг тонна, яъни умумий ҳосилнинг 61 фоизи 118 та машина ёрдамида йиғиб олинди. Келгуси йилларда қўшимча техника жалб этиш орқали пахта теримини тўлиқ механизациялаш режалаштирилган.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажми ҳам изчил ортиб бораётгани таъкидланди. Жорий йилда 303 минг тонна мева-сабзавот маҳсулоти 316 миллион АҚШ доллари қийматида Россия, Хитой, Туркия, Украина, АҚШ, Полша, Германия, Канада каби 61 давлатга экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 74 миллион долларга кўпдир.
Маросим якунида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси», «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси», «Меҳнаткаш деҳқон», «Намунали томорқачи», «Илғор фермер» кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир вилоятнинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг