Самарқандда «Париж—2024» Олимпиадасининг рейтинг балларини тақдим этадиган триатлон ва паратриатлон мусобақалари бошланди

18:48 17 Май 2024 Жамият
155 0

Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». 17-19 май кунлари Самарқандда триатлон ва паратриатлон бўйича жаҳон кубоги баҳслари бўлиб ўтади. «World Triathlon Cup Samarkand — 2024», «World Triathlon Para Cup Samarkand — 2024» мусобақалари олдидан ўтказилаётган тадбирлар, ички мусобақалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги биринчиликлар жаҳон триатлон оиласининг диққат-марказидаги тадбирлар сирасига киради.

Мусобақанинг биринчи кунида 15-17 ёш тоифасидаги ўсмир ўғил-қизлар минтақавий беллашувларни бошлаб беришди. Дастлаб, қизлар 350 метр сузиш, 13 километр велосипед бошқариш ҳамда 3 километр масофага югуриш бўйича омадини синовдан ўтказган бўлса, ўғил болалар ҳам худди шундай масофани биринчи бўлиб босиб ўтишга ҳаракат қилишди.

Албатта, триатлон 3 та спорт турини ўзида мужассам этгани билан қизиқарли. Шу боис ким энг бардошли, жисмоний чиниққан, чидамли бўлса маррани биринчи бўлиб заб этади.

Спортчилар ғалаба қозониш учун ўзларининг бор имкониятини ишга солишди. Мухлислар уларни тинимсиз олқишлаб туришди.

Шундай қилиб, қизлар ўртасидаги мусобақада финишга биринчи бўлиб қозоғистонлик спортчи Юлиана Петрова етиб келган бўлса, унинг ҳамюртлари Арина Давидова, Анел Иссабаева иккинчи ва учинчи ўринларни банд этишди.

— Мен триатлон билан 4 йилдан буён шуғулланиб келаман, — дейди мусобақа ғолиби қозоғистонлик Юлиана Петрова. — Старт олдидан об-ҳаво жуда яхши бўлди. Ҳар бир спортчининг ғалабасини сири бу кўп ишлаш, кўп машғулотлар олиб бориши деб ўйлайман. Мазкур мусобақага мени мураббийларим Юрий Григоревич, Ириш Виталий йил давомида тайёрлаб келган эди. Бу ўзининг самарасини кўрсатди. Мен учун югуриш қийинроқ бўлди, лекин бор имкониятимни ишга солдим. Менинг энг яхши натижам Гонгконгда ўтказилган Осиё чемпионатида бўлган. Буни янада яхшилаш мақсадидаман. Ғалаба қозонганимдан хурсандман.

Ўсмирлар ўртасидаги баҳслар ҳам қизиқарли, ҳаяжонли курашларга бой бўлди. Сузиш, велосипед ҳайдаш, югуриш бўйича маҳоратли триатлончилар финишга дадил интилишди. Якуний натижаларга кўра маррани биринчи бўлиб қозоғистонлик Рамазон Аинегов босиб ўтди. Иккинчи ва учинчи ўринларга қозоғистонлик спортчи Олмас Савет ҳамда ўзбекистонлик триатлончи Абдуллоҳ Муминов лойиқ топилди.

Мусобақа дастурига биноан, 18 май куни «World Triathlon Cup Samarkand — 2024», «World Triathlon Para Cup Samarkand — 2024» мусобақалари, 19 май куни ҳаваскорлар учун «Age group» (Supersprint) ва Age group» (Standart) ҳамда эркаклар ва аёллар ўртасида мамлакат чемпионати бўлиб ўтади.

Беллашувларда дунёнинг 52 мамлакатидан 270 нафар спортчи 218 та медаллар жамланмаси учун баҳслар олиб боради. Спортчилар умумий узунлиги 40 километрни ташкил этадиган велопойга, югуриш ва сузиш баҳсларида ғолиблик учун курашади.

Париж Олимпиадаси рейтинг балларини тақдим этадиган Самарқанд мусобақаларида жаҳон рейтингида кучлилар қаторида қайд этиб келинаётган Германия, Франция, Буюк Британия, Япония, Ирландия, Венгрия каби ўнлаб давлатларнинг 54 нафар аъзоси ва юз нафардан ортиқ етакчиликка даъвогар триатлончиларнинг баҳсларга ҳозирлик кўраётганлиги Самарқанд мусобақаси дунё нигоҳидаги баҳс бўлишини англатмоқда.

Мамлакатимизда илк бор ўтаётган жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоасининг 20 нафар спортчиси қатнашаётганлиги юртимизда ушбу спорт турининг ривожи янги босқичга кўтарилаётганлигидан далолат бўлиши билан бирга умидли ёшларимизга катта спорт майдонида ўз маҳоратини, иқтидорини намойиш этиш, кучлилар орасида ўз собит ўрнига эга бўлишига имконият яратиши билан қадрлидир.

Шунингдек, мусобақа доирасида Осиё триатлон конфедерациясининг навбатдаги форуми, Марказий Осиё триатлон ассоциациясининг конгресси ўтказилади.

Мазкур тадбирларда қатнашиш учун бугун Самарқандга 60 га яқин мамлакатнинг спорт делегациялари, Халқаро триатлон федерацияси мутасаддилари келган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер