Самарқандда маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қурилмоқда

14:00 17 Ноябрь 2025 Жамият
338 0

Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида маҳалла фуқаролар йиғинлари учун замонавий бинолар қурилиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда ва маҳалла еттилиги фаолияти учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Жумладан, куни кеча Ургут тумани Санчиқул маҳалласида фуқаролар йиғини учун янги маъмурий бино фойдаланишга топширилди. Ушбу объект туман маҳаллий бюджетининг ортиқча маблағлари ва ҳомийлар ташаббуси билан 280 миллион сўмга қуриб битказилди. Бинода хоналар ихчам ва ёруғ, компютер жамланмалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.

Янги бинонинг очилиш тадбирида Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Маҳалла академияси директори Хуршид Очилов, уюшманинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, фаоллар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Шунингдек, Тойлоқ тумани «Таллиота» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам янги маъмурий бино фойдаланишга топширилди. Ушбу бинога 700 миллион сўм сарфланиб, унда маҳалла еттилиги учун барча шароитлар, жумладан компютер жамланмалари ва мебеллар таъминланган.

Нуробод туманида Нурдум маҳалласи учун бунёд этилган янги хизмат биноси ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Янги бинода маҳалла еттилиги фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, аҳолига сифатли ва қулай хизмат кўрсатиш имкони таъминланди.

— Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида йил бошидан буён вилоят бўйича 28 та маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриб, фойдаланишга топширилди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бош мутахассиси Шоҳбоз Мамарайимов. — Вилоятда ҳозирги кунда яна 30 дан ортиқ маҳаллаларнинг янги бинолари қурилмоқда. Мақсад уларда ҳам маҳалла еттилиги учун барча зарур қулайликларни яратган ҳолда, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашдан иборат.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер