Самарқандда “Хитой энергия технологиялари институти” ташкил этилади
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд халқаро технология университети ташкил этилгандан кейин ўтган қисқа бир йил давомида ўттизга яқин нуфузли хорижий олийгоҳлар ва таълим ташкилотлари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Жумладан, жорий йилнинг 4-11-апрел кунлари Самарқанд халқаро технология университети раҳбариятининг Хитой халқ республикасига ташрифи чоғида бу мамлакатнинг етакчи таълим муассасаларидан “Northeast Electric Power University” (Шимолий-Шарқий электр энергетика Университети) ва “Tianjin University of Science and Technology” университетлари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар тузилди.
Самарқанд Халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаевнинг “Northeast Electric Power University” президенти Жаноб Cai Guowei билан бўлиб ўтган учрашувида икки томон ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатлар асосланган таълим ва маданиятни ривожлантиришга кўмаклашиш, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш ва талабалар алмашинувини кенгайтириш юзасидан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик шартномасига асосан, келгусида томонлар ўртасида профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, уларнинг тажрибасини ошириш, бакавариат, магистратура ва докторантурада “2+2”, “3+1”, “1+1” таълим тизимларини жорий этиш ва энг асосийси, Ўзбекистонда биринчи марта Хитой халқ республикаси билан ҳамкорликда янги таълим йўналиши “Chinese institute of Energy Technology” факультетини ташкил этишга келишилди. Хитой энергия технологиялари институтида дарслар дастлаб инглиз тилида олиб борилади ва талабалар кейинчалик икки йил давомида жаддалаштирилган тарзда хитой тилини ҳам ўрганадилар. Талабалар ҳам Самарқанд Халқаро технология университетида, ҳам Хитой университетида таълим олган ҳолда “double diploma” диплом соҳибига айланиш имкониятига эга бўладилар. Мазкур факултетда 2023-ўқув йилида 40 нафар талаба таълим олиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, сунъий интеллект мактаби ривожланган Хитойдаги энг етакчи олийгоҳлардан бири “Tianjin University of Science and Technology” (Тианжин Фан ва Технология) университети билан олиб борилган музокаралар натижасида математика, физика, машинасозлик, кимё муҳандислиги ва энергетика дастурларини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам университет вице президенти Гао Фаминг билан келишувга эришилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Тианжин Фан ва Технология университети АҚШ, Австралия, Япония, Канада, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Швеция, Финляндия, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг 40 дан ортиқ университетлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Қувонарлиси, энди ҳамкор мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор ва мазкур университет Марказий Осиё бўйича биринчи марта Самарқанд халқаро технология университети билан меморандум имзолади.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг