Самарқандда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» глобал форуми бўлиб ўтмоқда

14:49 05 Декабрь 2022 Жамият
461 0

Фото: Халқ сўзи

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган ташаббуслари асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинмоқда.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди ва форумни «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим: декларациядан – амалиётга» шиори асосида ўтказишни таклиф қилди.

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади. Мазкур Декларация 2011 йил декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган.

Очилиш маросимида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзаде, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Вилегас, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бошқармаси бош директори Христос Гиякумопулос видеомурожаати ва табриклари тингланди. МДҲ Ижроия қўмитаси раиси - Ижрочи котиби Сергей Лебедев нутқини МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари - Ижрочи котиби Бекетжан Жумаханов ўқиб эшиттирди.

Глобал форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотларнинг 100 нафардан ортиқ вакили оффлайн ва онлайн тарзда иштирок этмоқда. Жумладан, 10 та халқаро ва 6 та минтақавий ташкилот, 30 давлатдан инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи хорижий экспертлар ҳамда профессор-мутахассислар қатнашяпти. Форум иштирокчилари сафида, шунингдек, 150 та миллий ташкилотнинг 2 минг нафардан зиёд вакили бор. Улар асосан 20 та вазирлик ва идоралар, юртимизнинг барча ҳудудларидан 50 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлар, 60 дан ортиқ фуқаролик жамияти институти, жумладан, ёшлар ташкилотлари фаолларидан иборат.

Самарқанд глобал форумининг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат.

Форумнинг биринчи ялпи мажлиси «БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси: натижалар ва замонавий муаммолар» мавзусига бағишланди. Унда ушбу декларацияни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимни таъминлаш тамойиллари ва ёндашувлар, технологик ўзгаришлар негизида эришилган ютуқлар ва олинган сабоқлар, дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида мавжуд замонавий муаммолар муҳокама қилинмоқда.

Икки кун давом этадиган форумнинг биринчи кунида, шунингдек, 4 та параллель сессия ташкил этилади. Уларда мактаб ёшидаги болалар учун, олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, касбий институтлар (судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура) орқали ушбу соҳада узлуксиз таълимни таъминлаш, фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари бўйича норасмий таълим ҳамда мавжуд тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий муаммоларга эътибор қаратилади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?