Самарқандда ички туризм ярмаркаси бўлиб ўтди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги Ҳунармандлар марказида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ички туризм ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ярмаркада республикамиз ва вилоятнинг 100 дан ортиқ етакчи туристик компаниялари ҳамда жойлаштириш воситалари вакиллари, шунингдек, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда 1000га яқин кузатувчилар иштирок этишди.
Қатнашчилар ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этиб, туризм соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Кўргазмада сайёҳлик фирмаларининг янгидан ишга туширилган стартап лойиҳалари ҳам намойиш этилди. Жумладан, сайёҳларга меҳмон уйларида овқатланиш хизматларини таклиф этиш лойиҳаси Самарқандда илк бор ишга туширилди.
— 2021 йилда юртимизга келаётган сайёҳларга қулайлик яратиш ва уларга овқатланиш хизматини таклиф этиш мақсадида «Чайхана» лойиҳасини ишлаб чиққан эдик, — дейди «Самарқанд бизнес лойиҳалаштириш» МЧЖ иш бошқарувчиси Абдуқодир Ўринбоев. — Олти ой олдин лойиҳани соддалаштириш мақсадида сайёҳларга уникал овқатланиш хизматини таклиф этувчи онлайн платформа “EATEN.UZ”га ўзгартирдик. Бу хизмат Самарқандда илк бор ишга туширилди. Дастлаб 30 га яқин сайёҳ ўртасида сўровнома ўтказганимизда 25 нафари бу платформадан фойдаланиш қулай эканини маълум қилди. Бундан ташқари, сайёҳларнинг аксарияти уларни кафе ёки ресторанлар эмас, балки меҳмон уйлари қизиқтиришини билдирди. Шуларни ҳисобга олиб, платформага меҳмон уйлари, уларда тайёрланадиган таомлар, шароитлар ҳақида маълумот жойлаштирдик.
Ушбу сайт меҳмон уйлари эгалари учун ҳам осон даромад топиш учун қулайлик яратади. Ҳозирча платформага фақат Самарқанд шаҳри ва Ургут туманидаги машҳур меҳмон уйлари ҳақида маълумот киритилган. Энди республикамиздаги меҳмон уйлари ҳақида ҳам маълумотларни жойлаштиришни режалаштиряпмиз. Юртимизга келган ҳар бир сайёҳ бу хизматдан фойдаланиш учун 15 доллардан 50 долларгача сарфлайди.
Ярмарка доирасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилиб, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг