Самарқандда 307 мингдан ортиқ хонадонларга “Ақлли газ” ҳисоблагичи ўрнатилди 

11:30 10 Апрель 2023 Жамият
729 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд вилоятидаги 307 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига “Ақлли газ” (АСКУГ) ҳисоблагичи ўрнатилди. Вилоятда автоматлаштирилган тизимга, асосан “Ақлли” ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатиб бўлинган 281 минг 750 та ҳовли уйлар ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар 58 минг 269 та аҳоли хонадонлари, янги, шаффоф тизимга ўтказилди. 

Шундан, 17 минг 534 таси Самарқанд шаҳрига, 8 минг 762 таси, Каттақўрғон шаҳри, 5 минг 917 таси Самарқанд тумани ҳамда 4 минг 123 таси Жомбой туманида ўрнатилди.

- Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, юқори босимни ўрта босимга айлантиришга хизмат қиладиган табиий газ қурилмалари демонтаж қилиниб, аҳоли хонадонлари юқори босимли газ қувуридан тўғридан-тўғри табиий газ билан таъминланади, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари Вахобжон Ҳалимов. - Бунинг учун ҳар бир хонадонга маромлаш қурилмалари маромлаш қурилмалари (регулятор) ўрнатилади, бу эса газ босимини автоматик равишда назорат қилади. Ҳудудлардаги газ маромлаш пунктларини жорий кўрикдан ўтказиш, хавфсизлигини таъминлаш, бўёқлаш каби тадбирларнинг олиб борилмаслиги эвазига иш унумдорлиги ва самарадорлик ошади. 

Тежаб қолинган вақт, маблағларни эса тизимни ривожлантириш ва бошқа мақсадларга йўналтириш имконияти мавжуд бўлади. Энг муҳими, янги тизимга ўтилганидан кейин дебитор қарздорликка барҳам берилди

- Газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтган маҳаллаларда табиий газ босими йилнинг ҳар қандай фаслида бир меъёрда бўлади. Чунки, газ босими ҳудудлардаги газ маромлаш пунктлари орқали назорат қилинмайди, бу вазифани маромлаш қурилмалари бажаради, - дейди “Пастдарғомтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Шерали Дониёров. - Бугунги кунда Пастдарғом туманидаги Чортут, Найман, Фурқат, Камолот сингари 9 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 минг 300 та аҳоли хонадонлари уч босқичлидан, икки босқичли тизимга ўтказилди.

Туманнинг Балхиён маҳалласидаги аҳоли хонадонлари табиий газ тизимида янги, шаффоф тизимга ўтказилиб, турар жойларга замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилгач, табиий газ таъминоти тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиб берилмоқда.

Икки босқичли тизимга ўтгандан сўнг, табиий газ сарфи сезиларли тарзда камайиб, таъминот яхшиланди. Натижада маҳалладаги мавжуд газ тақсимлаш қурилмалари демонтаж қилинмоқда. 
- Аввалги вақтларда аҳоли хонадонларида табиий газ босими ўзгариб турар, айниқса қишли-қировли кунларда бу ҳолат кўпчиликни ташвишлантирарди, - дейди Балхиён МФЙ фаоли Михлибой Вазиев. - Маҳалламизга замонавий газ хисоблагичлар ўрнатилиб, газ таъминоти уч босқичдан икки босқичли тизимга ўтказилгач, табиий газ таъминоти яхшиланди. Ҳар бир хонадонга газ маромлаш ускунаси қўйилиши боис, босим пасайиши каби ҳолатларга барҳам берилди. Халқимизнинг турмуш фаровонлиги учун яратилган қулайликлардан мамнунмиз. Биз ҳам истеъмол қилинган табиий газ тўловларини бажонидил ўз вақтида тўлаб боряпмиз.

Ушбу тизим автоматик режимда ишлайди. Унда инсон омили йўқ ва тўлиқ компьютерлашган тизим орқали бошқарилади. Натижада ҳар бир хонадонга қиш-қировли кунларда ҳам бир меъёрда газ етиб боради.

Табиий газ таъминотидаги янги, шаффоф тизимдан кўзланган асосий мақсад, табиий газ билан истеъмолчиларни бир маромда таъминлаш, инсон омилисиз масофадан бошқарув тизимига ўтиш ва энг муҳими маблағ ва табиий газни иқтисод қилиш эвазига, янги барпо этилаётган аҳоли яшаш масканларидаги истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашдан иборат.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер